Жорий йилнинг 25 февраль куни “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналари ходимлар билан ишлаш бўлими ва ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўлими ҳамда малакаларни баҳолаш марказларининг раҳбар ва масъул ходимлари иштирокидаги сайёр семинар-тренинг давомида мазкур соҳадаги коррупцион хавф-хатарларни олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида профлактик тадбир ўтказилди.
Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ Комплаенс хизмати бошлиғи Ш.Сағдуллаев томонидан жамият ва тизим корхоналарида ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш тартиби ва соҳадаги мавжуд коррупцион хавф-хатарлар тўғрисидаги маълумотлар таҳлил этилди.
Жумладан, “Ўзкимёсаноат” АЖ ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш орқали коррупцион хавф-хатарларни камайтириш мақсадида 2021 йил 21 октябрдаги №129-сонли буйруғи билан “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналарида ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш бўйича йўриқнома” қабул қилинганлиги таъкидлаб ўтилди.
Мазкур ҳужжат талаблари асосида номзодларни текшириш ва маълумотларни олиш мақсадида очиқ ахборот манбаларидан фойдаланиш, мавжуд ҳужжатлар билан ишлаш ҳамда номзодларни текшириш натижалари ва уларни расмийлаштириш тартиби, уларнинг муддатлари тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Шу билан бирга, 2021 йилда “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналарида фуқароларни ишга олиш ва меҳнат муносабатларида манфаатлар тўқнашуви бўйича коррупцион хавф-хатарлар қайд этилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Жумладан, “Деҳқонобод калий заводи”, “Фарғонаазот” АЖ ишга олиш жараёнида айрим ходимлари томонидан 300 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилинганлиги юзасидан текширувлар ўтказилиб, уларга нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилган.
“Навоийазот” АЖнинг 2 нафар масъул ходимлари мазкур корхонада олдин ишлаган ишчиларни ишга тиклаш мақсадида 10 млн. сўм миқдорда пул маблағлари олганлиги ҳолати ҳужжатлаштирилган ва қонуний чора кўриш мақсадида Навоий вилояти прокуратураси ҳузуридаги департаментга юборилган.
“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ масъул раҳбар ходими билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви ўзи ва 8 та яқин қариндошларининг бир бирига тўғридан тўғри буйсунувчи лавозимларини ва хизмат йўриқномасида кўрсатилган вазифаларни ўзгартириш орқали бартараф этилган.
Шу билан бирга, “Навоийазот” АЖ ва “Аммофос-Максам” АЖларида ходимларни лавозимдан лавозимга ўтказиш ва ходимларнинг шахсий ойлик тариф коэффицентини ошириш масаласи билан боғлиқ 20 дан ортиқ мурожаатлар “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан кўриб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли таклифлар берилди.
2021 йилда тармоқ корхоналарда жами 22 та ҳолатда манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланганлиги, меҳнат муносабатларида қонунбузилиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида жами 49 та хизмат суриштируви ўтказилганлиги, натижалари бўйича тегишли хулосалар корхоналар раҳбариятига тақдим этилганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Ишга номзодларни текшириш ва ишга олиш жараёнидаги мавжуд коруппцион хавф-хатарларни инобатга олган ҳолда тегишли таклифлар берилди.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон қарори талаблари асосида номзодларни ишга қабул қилиш жараёнларини автоматлаштирилган тизимини жорий этиш ва ҳар ой якунида ишга қабул қилиш жарёни тўғрисида маълумотларни оммавий ахборот воситаларида бериб бориш тавсия этилди.
Тадбир якунида мазкур соҳада ўзаро фикр алмашиш, яъни ISO 37001:2016 ҳалқаро стандартининг 8.1 банди (Ходимларнинг мажмуавий текшируви) ва 8.2 банди (Мажмуавий текширув) тўғрисида музокаралар ўтказилди.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати