Кимё саноатида ускуналар самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш йўқотишларини камайтириш масалалари муҳокама қилинди

// 20.10.2026 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (31.23 MB)

Бугун “Ўзкимёсаноат” АЖда “Кимё саноати корхоналарида тежамкор бошқарув воситалари асосида ускуналар самарадорлигини ошириш ва йўқотишларни камайтириш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда кимё саноати корхоналари мутахассислари, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби вакиллари ҳамда хорижий эксперт иштирок этди.

Семинар Германиянинг “Senior Expert Service” ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилаётган экспертлик лойиҳаси доирасида ўтказилиб, асосий мақсад кимё саноати корхоналарида ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, технологик ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришдаги йўқотишларни аниқлаш ва уларни камайтиришга қаратилган замонавий бошқарув ёндашувларини ўрганишдан иборат.



Тадбир давомида тежамкор бошқарув тамойилларини ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, ускуналарнинг самарали ишлашини таъминлаш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларидаги самарасизликларни бартараф этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, хорижий эксперт билан халқаро тажриба ва илғор ёндашувларни ўрганиш, уларни кимё саноати корхоналари фаолиятида қўллаш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.



Мазкур семинар “Махам-Чирчиқ” корхонасида ҳам ўтказилиши кўзда тутилган.


Сўнгги янгилаш санаси: 20.10.2026