Кимё саноатида техник регламентлар ва стандартларни ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди

// 22.10.2024 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (25.06 MB)

Жорий йилнинг 18 октябр куни “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Давлатлараро стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш кенгаши раҳбарияти ҳамда кимё тармоғи корхоналарининг масъул ходимлари иштирокида Кимё саноатида техник регламентлар ва стандартларни ишлаб чиқиш мавзусида учрашув ташкил этилди.

Унда кимё саноати соҳасида стандартлаштириш ишларини такомиллаштириш, миллий ва халқаро миқёсда самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳамда соҳадаги техник регламентларни ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳолати муҳокама қилинди. Учрашув соҳага оид мутахассислар ўртасида ўзаро мулоқот шаклида ўтказилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, бугунги кунда кимё саноатида 2 506 та меъёрий ҳужжат амалда бўлиб, улардан 96 таси миллий стандартлар, 270 таси халқаро стандартларга уйғунлаштирилган миллий стандартлар ва 2 140 та давлатлараро стандартлардир.
Соҳада минерал ўғитлар хавфсизлиги бўйича ягона талабларни белгилаш ҳамда халқаро андозаларга уйғунлаштириш мақсадида “Минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисида” техник регламент ишлаб чиқилган. Бундан ташқари “Кимёвий маҳсулотлар хавфсизлиги тўғрисида” техник регламент ишлаб чиқилмоқда.

Учрашув иштирокчилари кун тартибидаги масалалар юзасидан бир қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати


Сўнгги янгилаш санаси: 22.10.2024