Кимё саноати ривожи — иқтисодий ўсиш драйвери: тадбиркорлар тармоқ билан мулоқот ташкил этилди

// 14.03.2026 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (2.6 MB)

Пойтахтимизда Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев раислигида республикадаги кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда масъул вазирлик ва идоралар, «Ўзкимёсаноат» АЖ раҳбарлари ҳам қатнашиб, соҳадаги долзарб масалалар юзасидан очиқ ва амалий мулоқот ташкил этилди.

Учрашувда кимё саноатидаги мавжуд муаммолар, ишлаб чиқариш жараёнларида тадбиркорларни қийнаб келаётган масалалар ҳамда уларни ҳал этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Тадбир очиқ мулоқот руҳида ўтгани тадбиркорларга ўз фикр ва ташаббусларини эркин билдириш имконини берди.

Жорий йилда кимё маҳсулотлари экспорти ҳажмини 720 миллион долларга етказиш кўзда тутилмоқда. Шу боис, тармоқ олдида улкан вазифалар турибти. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги учун зарур минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини кескин ошириш мақсад қилинган. Хусусан, азотли ўғитлар ишлаб чиқаришни 1 миллион 120 минг тоннага, фосфорли ўғитларни 135 минг тоннага, калийли ўғитларни эса 222 минг тоннага етказиш бўйича ишлар бошланган.

Тадбир давомида кимё саноатида амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, янги ишлаб чиқариш қувватларини белгиланган муддатларда ишга тушириш ҳамда муаммоли масалаларни тезкор ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар томонидан тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, янги қувватларни ишга тушириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар соҳани янада ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 


Сўнгги янгилаш санаси: 14.03.2026