Кимё саноатини замонавийлаштириш, реконструкция қилиш ва техник қайта жиҳозлаш билан бир қаторда ишлаб чиқаришда экологик тозаликни таъминлаш, чиқиндисиз технологияларни ва атроф муҳитни сақлаш бугуннинг муҳим вазифаларидан.
Юртимизда “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини амалга ошириш доирасида ҳам экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, саноат корхоналарининг атроф муҳитга босимини камайтириш юзасидан амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Мазкур йўналишдаги ишлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастуридан алоҳида ўрин олган.
“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан давлат дастурида назарда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида кимё саноати корхоналарининг иссиқхона газлари ажратмаларини хатловдан ўтказиш ва углеродни тартибга солиш механизмлари таъсирини баҳолаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари учун иссиқхона газларини вақтинчалик ҳисоблаш мезонлари (методика, формула) шакллантирилиб, ягона қўлланмани яратиш мақсадида тегишли ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда.
Бу жараёнда қатор давлат ташкилотлари жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази” ва Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология маркази билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Бундан ташқари ушбу вазирликлар билан СВАМ (Carbon border adjustment mechanism) тизимини жорий қилиш бўйича ўрганишлар ўтказиляпти.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати