Ишлаб чиқариш инновацион лойиҳалар билан такомиллаштирилмоқда

// 05.11.2024 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (792.5 KB)

Мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 6 июлдаги «2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнига илмий ёндашувлар асосидаги янги ишланмалар жорий этилиб, инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Биргина ўтган йилда корхоналарда 19 та лойиҳа амалга оширилган. 

Хусусан, улардан бири Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Микробиология институти билан акрил кислотаси нитрилидан акриламид олишнинг микроб биотехнологиясини жорий этиш лойиҳасидир. Одатда акриламид «Навоийазот» АЖда кимёвий усулда ишлаб чиқарилар эди, бу усул технологик, иқтисодий ва экологик жиҳатдан бир қатор камчиликларга эга. Таклиф этилган усул акрилонитрилнинг биотрансформацияси учун биокатализатордан фойдаланилади ва 99-100% соф акриламид олиш имконини беради. Ушбу биотехнология энергия тежовчи, бир босқичли ва экологик жиҳатдан тоза ҳисобаланади. Бундан ташқари, у кимёвий усул билан солиштирганда маҳсулот таннархини 20% дан ортиқ камайтириш имконини беради. 

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, акриламид полиакриламид ва акрил кислотанинг турли полимерлари ва сополимерларини кенг миқёсда ишлаб чиқариш учун қимматли мономердир. Акриламид полимерлари ўзига хос фойдали хусусиятларга эга, техника ва технологиянинг турли соҳаларида кенг қўлланилади, минералларни бойитиш ва қайта тиклаш жараёнида руда флотацияси қолдиқлари учун флокулянтлар сифатида ишлатилади.

Яна бир лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти билан полиакриламид асосида флокулянтлар олиш усули ва технологиясини ишлаб чиқиш лойиҳасидир. Маълумки, ҳар бир саноат корхонасида ажраладиган оқова сувларини тозалаш долзарб масала ҳисобланади. Флокулянтлар эса оқова сувларини тозалаб, улардан ишлаб чиқариш жараёнида такроран фойдаланиш имкониятини беради. 
Таъкидлаш ўринли ҳар иккала лойиҳа ҳам «Навоийазот» АЖ негизида ишлаб чиқилди ва амалга оширилди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати


Сўнгги янгилаш санаси: 05.11.2024