“Инсон қадри учун”: “Ўзкимёсаноат” АЖ Ёзёвонда камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшмоқда

// 26.09.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (1.11 MB)

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ва уни амалга ошириш бўйича ПҚ-330-сонли қарор аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, энг муҳими, “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга татбиқ этишда муҳим қадам бўлди.

Мазкур қарор ижроси доирасида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятига Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги “Иштирхон”, “Янгиобод” ва “Сувлиариқ” маҳаллалари бириктирилди. Жамиятнинг ишчи гуруҳи мазкур ҳудудларда аҳолининг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва инфратузилмани яхшилашга қаратилган қатор амалий ишлар олиб борди.

Хусусан, жамият ҳомийлигида оғир тоифадаги маҳаллалардан ижтимоий ҳимоя реестрида рўйхатда турган 24 нафар эҳтиёжманд оилага 5,0 кВтли қуёш панеллари ўрнатиб берилди. Бу нафақат экологик тоза энергия манбасидан фойдаланиш имконини берди, балки оилаларнинг ойлик харажатларини ҳам камайтиришга хизмат қилди.

Бундан ташқари, 33 та электропеч, 12 та компрессор қурилмаси, 15 та ўт ўрадиган ускуна, ҳамда 15 та кичик дори сепадиган аппаратлар эҳтиёжманд фуқароларга тақдим этилди. Натижада, ишсиз аҳоли вакиллари учун даромад манбаи яратилди, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди.

Таъкидлаш жоиз, бу хайрли ишлар бир марталик акция эмас, балки кенг қамровли ижтимоий ислоҳотларнинг бир қисмидир. Жамият келгусида ҳам маҳаллалардаги инфратузилмани яхшилаш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига кўмаклашиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда ҳам ишларни давом эттиради.

Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати
 


Сўнгги янгилаш санаси: 26.09.2025