Инновациялар асосида кимё саноатида ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш

// 03.10.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (1.05 MB)

Бугунги кунда кимё саноатида ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда маҳаллийлаштириш имкониятларини кенгайтириш устувор аҳамият касб этмоқда. Бу орқали нафақат импорт ўрнини босувчи, балки нарх ва сифат жиҳатдан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ташқи бозорларга экспорт қилишга шароит яратилади.

«Ўзкимёсаноат» АЖнинг Инновация ва янги технологияларни жорий этиш бўлими ҳамда Маҳаллийлаштириш, кооперация алоқаларини ривожлантириш ва импортни мақбуллаштириш бўлими томонидан янги инновацион лойиҳаларни жорий қилиш бўйича  кимё корхоналарининг салоҳиятини ўрганиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, «Навоиязот» АЖда мутахассислар иштирокида амалга оширилган таҳлиллар корхонанинг инновацион ривожланиш йўналишларини белгилашда муҳим ўрин тутади. Ушбу таҳлиллар янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, мавжуд ҳажмларни кенгайтириш ҳамда илғор технологияларни жорий этиш учун мақбул ечимларни ишлаб чиқиш имкониятини беради.

Мазкур жараёнлар кимё саноатида инновацион ва креатив ёндашувларни кучайтириш, ички бозор эҳтиёжини қондириш билан бирга, ташқи бозорларда ҳам рақобатбардошликни таъминлашга хизмат қилади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати


Сўнгги янгилаш санаси: 03.10.2025