“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан Фарғона вилоятидаги “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” акциядорлик жамияти фаолияти билан журналист ва блогерларни яқиндан таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур аввалида оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирокида “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” акциядорлик жамияти фаолияти юзасидан тақдимот ўтказилди. Тақдимотдан сўнг журналистлар корхона ва унинг қошида ташкил этилган лаборатория фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Корхона 1935 йилда “Қўқон суперфосфат заводи” номи остида Қизилқум фосфорит комбинатининг “Тошқура” конидаги фосфоритлардан минерал ўғитлар ишлаб чиқариш мақсадида ташкил қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарорларига асосан “Қўқон суперфосфат заводи” акциядорлик жамиятининг устав фондидаги 95,5 фоиз улуши Сингапурнинг “Indorama Holdings BV” компаниясига инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан сотилди.
2019-2020-йилларда хорижий инвестор “Indorama Holdings BV” компанияси томонидан “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” корхонасида ишлаб чиқариш қувватларини замонавий энерготежамкор технологияларни жорий этиш орқали тўлиқ модернизация қилиш ишлари олиб борилди. Бу ишлар натижасида ишлаб чиқариш қуввати йилига 75 000 тоннадан 350 000 тоннага етказилди. Шунингдек, Испания, АҚШ, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Хитой давлатларининг етакчи компанияларидан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Айни кунларда қишлоқ хўжалиги соҳаси учун сифатли минерал ўғит ишлаб чиқарилмоқда.
Жорий йил февраль-сентябрь ойларида ишлаб чиқариш 100 000 тоннани ташкил қилди. Умумий 170 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шу даврда жами 15 000 тоннага якин маҳсулот экспорт килинди. 2,7 миллион долларлик маҳсулот Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Россия, Украинага экспорт қилинди.
2021 йил якунига қадар янги азот-фосфор-калийли (NPK) комплекс минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши режалаштирилган. Ҳозирда лойиҳа ишлари якунланиб, қурилиш-монтаж ишлари жадал давом эттирилмоқда. Лойиҳа қуввати йилига 150 минг тонна бўлиб, инвестиция миқдори 10 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, сувда тез эрувчан ўғитларни ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилмоқда.
Пресс-тур сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати