Бугун “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида Индонезия Республикаси Парламентининг Вакиллар палатаси спикери ўринбосари Р.Гобель бошчилигидаги делегация ҳамда "Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти ва масъул ҳодимлари иштирокида савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан икки томонлама музокаралар ўтказилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан Ўзбекистон ва Индонезия Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётганлиги, жумладан, 2020 йилда Индонезия Республикасига 90 минг тонна калий минерал ўғити етказиб берилганлиги таъкидлаб ўтилди. Шуниндек, музокаралар давомида, кимё маҳсулотлари экспорти, яъни карбамид, азот кислотаси, каустик сода ва бошқа турдаги кимёвий маҳсулотларини йўлга қўйиш ҳамда импорт бўйича шина ва конвейер ленталарини ишлаб чиқариш учун Индонезиядан йилига 5000 тонна табиий каучук маҳсулотини сотиб олишни таклиф этиб, кенг кўламли ҳамкорликка тайёр эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Индонезия Республикаси Парламентининг Вакиллар палатаси спикери ўринбосари Р.Гобел бугунги кунда Индонезияда минерал ўғитларга бўлган талаб йилига 15 млн. тоннани ташкил этиши, шундан асосий қисмини мураккаб турдаги минерал ўғитларга тўғри келиши ҳақида маълумот берди.
Pupuk Kaltim компанияси раҳбари Р.Прибади маълумотига кўра, Pupuk Indonesia холдинг компаниясининг калий минерал ўғитларига йиллик талаби 2,8 млн. тонна ташкил этади. Шу сабабли Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Ўз навбатида, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан калийли минерал ўғитларни Индонезия Республикасига экспортини келаси йилларда 100-200 минг тоннага оширишга тайёрлиги маълум қилиниб, икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни воситачи ташкилотлар орқали эмас, балки тўғридан-тўғри амалга ошириш таклиф қилинди.
“Навоийазот” АЖда ишга туширилган янги карбамид маҳсулоти бугунги кунда Туркия ва Украинага экспорт қилинаётганлиги, яқин келажакда 100-200 минг тонна карбамид маҳсулотини Жанубий-Шарқий Осиё давлатларига, жумладан, Индонезия Республикасига экспорт қилиш имконияти борлиги маълум қилинди.
Шу билан бирга, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан Ўзбекистонда йилига 1,0 млн. тонна пахта толаси етиштирилишини ва қайта ишлашни оширилишини ҳамда аралашма матолар ишлаб чиқариш учун, Индонезия компаниялари билан ҳамкорликда полиэстер, вискоза ва ацетат толаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таклиф этилди.
Учрашув давомида “Деҳқонобод калий заводи” АЖни хусусийлаштириш бўйича IFC (Халқаро молия корпарацияси) билан тайёрланаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Ушбу жараёнда Индонезия компаниялари, хусусан Pupuk Indonesia холдинг компанияси иштирок этиб, келажакда ишлаб чиқариш қувватларини биргаликда ошириш ҳисобига Индонезия Республикасига калийли ўғитлар экспорти ҳажмини ошириш таклиф этилди.
Икки томонлама музокаралар давомида қуйидаги таклифлар билдирилди:
Индонезия Республикасига калийли ўғитлар экспорти ҳажмини ошириш мақсадида “Деҳқонобод калий заводи” АЖни Pupuk Indonesia холдинг компанияси томонидан хусусийлаштириш бўйича ўрганишлар амалга ошириш;
“Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ишлаб чиқариш эҳтиёжи учун Индонезия Республикасида табиий каучук ҳом-ашёсини етиштириб, уни қайта ишлаб “off take” шартлари асосида Ўзбекистон Республикасига импортни йўлга қўйиш;
Индонезия компаниялари билан ҳамкорликда полиэстер, вискоза ва ацетат толаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиб чиқиш.
Шунингдек, кимё маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш, ўзаро савдо операцияларини кенгайтириш мақсадида Индонезия Республикасида “Ўзкимёсаноат” АЖнинг расмий савдо уйини очишни ўрганиб чиқиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати