Илмга сармоя: ўзбек кимёгарлари Кореяда малака оширади

// 20.02.2026 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (17.66 MB)

Бугун “Ўзкимёсаноат” АЖ ва КОICAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида Корея Республикасига йўл оладиган 20 нафар кимё мутахассиси билан учрашув бўлиб ўтди.

Тингловчилар Кореяда илғор кимёвий тадқиқот ускуналари бўйича 3 ойлик ўқув дастурида иштирок этади. Дастур Korea Research Institute of Chemical Technology (KRICT)  базасида, Корея Республикасининг Даежеон шаҳрида ташкил этилган бўлиб, назарий машғулотлар ҳамда устоз-шогирд шаклидаги амалий тайёргарликни қамраб олади.

Тадбирда КOICA Ўзбекистон офиси директор ўринбосари Пак Сонгмин, “КRICT дирекцияси” МЧЖ лойиҳа директори Акмал Маҳмудов, “Ўзкимёсаноат” АЖ ходимлари ҳамда тингловчилар иштирок этди.

Мазкур дастур Ўзбекистон Кимёвий Технологиялар Марказини ташкил этиш ва унинг институсионал салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган. Иштирокчиларга дастурнинг мақсад ва вазифалари, ўқув жараёни тузилмаси, шунингдек, хорижда таълим олиш давомида профессионал ёндашув ва самарали ўқиш бўйича тавсиялар берилди.

90 кунлик дастур доирасида тингловчилар кимёвий инструментал таҳлил соҳасида чуқур билим ва амалий кўникмаларга эга бўлади. Жумладан, илмий ускуналардан самарали фойдаланиш, олинган натижаларни таҳлил қилиш ва талқин этиш, ишончли хулосалар шакллантириш ҳамда уларни саноат амалиётига татбиқ этиш бўйича тажриба орттиради.

Таъкидлаш жоиз, тингловчилар орасида PhD ва DSc илмий даражасига эга олимлар ва профессорлар ҳам бор. Бу эса олинган билим ва тажрибани кенг миқёсда оммалаштириш ҳамда институтнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам замин яратади.

Бундай халқаро илмий ҳамкорлик мамлакатимизда инновацияга таянган, рақобатбардош кимё саноатини ривожлантиришга хизмат қилади.
 


Сўнгги янгилаш санаси: 20.02.2026