«Ўзкимёсаноат» АЖда коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинган «Ички хизмат тeкширувларини ўтказиш сиёсати» бўйича йиғилиш ўтказилди

// 24.06.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (1.46 MB)

Йиғилишда «Ўзкимёсаноат» АЖ Комплаенс хизмати бош мутахассиси Ж.Зикиров йиғилиш иштирокчиларини кун тартибидаги масала билан таништириб, қуйидагиларни маълум қилди:

«Ички хизмат текширувларини ўтказиш сиёсати» “Ўзкимёсаноат”АЖнинг 2020 йил 9 октябрдаги №87-сонли буйруғи билан тасдиқланган бўлиб, ушбу сиёсатнинг мақсади Жамиятда ички текширувларни ўтказишда ягона ёндашувни аниқлаш, юзага келган ёки келиши мумкин бўлган қонунбузарликларга тўғри жавоб беришни таъминлаш, жараённи ва ички текширув натижаларини ҳужжатлаштириш учун талабларни белгилаш,  қонунбузарликларнинг содир бўлишига ва Жамиятнинг фаолиятига зарар етказилишига сабаб бўлган омиллар ва шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқишдан  иборат.

Жамиятда ички текширувлар қонун ҳужжатларига риоя қилиш, Жамият ходимларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш, ички текширувлар давомида олинган маълумотлар ва материалларнинг махфийлигини таъминлаш, ходимлар томонидан ички текширув ўтказиш жараёнида ошкоралик, виждонлилик, коллегиаллик, холислик ва очиқликни таъминлаш, ички текширув олиб борилаётган ходимнинг айбсизлик презумпцияси тамойилларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

 Ички хизмат текшируви Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги ёки Жамиятнинг ички меъёрий ҳужжатларини бузганлик белгилари тўғрисидаги етарли маълумотларни ўз ичига олган асослар ва маълумотлар мавжуд бўлгандагина ўтказилади. Ички хизмат текшируви ўтказилишига амалдаги қонунчилик ёки Жамиятнинг ички меъёрий ҳужжатларининг бузилиши белгилари тўғрисидаги маълумотлар, Жамият ходимларининг ёзма,оғзаки шаклда ўз бевосита раҳбарига, Комплаенс хизмати ходимига ёки Жамиятнинг бошқа ваколатли ходимига билдирилган хабарлари, Жамиятнинг алоқа каналларига, "Ишонч телефони"га юбориладиган хабарлар, шу жумладан аноним  хабарлар, оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, бошқа манбаларда эълон қилинган маълумотлар, Жамият бошқаруви ёки Кузатув кенгаши аъзоларининг топшириқлари,  ички аудит, тафтиш комиссиясининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш далолатномалари, текширув ҳаракатлари ва суриштирув функциялари ўтказишга масъул бўлган давлат мансабдор шахсларининг, ҳуқуқ-тартибот идораларининг Жамият ходимларига нисбатан жиноий жавобгарликка тортилаётган хатти-ҳаракатларни содир этганликда гумон қилинганлиги муносабати билан мурожаатлари асос бўлиши мумкин.

 Шунингдек, ички хизмат текширувини ўтказиш ташаббускорлари Кузатув кенгаши раиси ва аъзолари, Жамият бошқаруви раиси, Комплаенс хизмати бошлиғи ёки ходими, Жамият Ахлоқ комиссияси раиси, Ички аудит хизмати раҳбари, Юридик бюронинг бошлиғи бўлишлари мумкин. Ўз навбатида, ички хизмат текшируви ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ таркибига Жамиятнинг комплаенс хизмати, ходимлар билан ишлаш бўлими, ички аудит хизмати ҳамда хизмат текшируви соҳасига қараб тегишли бўлимлардан биттадан ходимлар киритилиши шарт. Ички текширув ўтказиш тўғрисидаги қарор билан бир вақтда Бошқарув ёки Кузатув кенгаши раиси ички хизмат текшируви ишчи гуруҳининг раҳбарини тайинлайди, унга ишчи гуруҳ таркибини шакллантириш ва ички текширишни ўтказиш тартиби тўғрисидаги буйруқни тайёрлашни топширади.

Ички текширув ўтказиш буйруғида ички текширув предмети, ички текширув олиб бориладиган сабаб ва ҳолатлар, агар қонунбузарлик содир этган ходимлар маълум бўлса, уларнинг исми, шарифлари ва лавозимлари, текширувни ўтказишга масъул ишчи гуруҳ таркиби, ишчи гуруҳ раҳбари ва аъзолари, махфий ахборотдан фойдаланиш ва Жамиятнинг бошқа ходимларини ички текширувга жалб қилиш бўйича ишчи гуруҳ раҳбари ва аъзоларининг ҳуқуқлари, Жамият ходимларининг ички текширув ўтказишда Ишчи гуруҳга ёрдам бериш мажбурияти, Бошқарув ёки Кузатув Кенгаши раисига ички текширув натижаларини бериш муддати кўрсатилиши керак.

Ички хизмат текшируви Жамият Бошқарув кенгаши ёки Кузатув кенгаши раиси томонидан ички текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ имзоланган кундан бошлаб 30 календарь иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилиши керак, агар ички текширув жараёнида қўшимча тартиб-таомилларнинг бажарилиши (шу жумладан, ходимлар ва бошқа шахслардан қўшимча сўровларни ўтказиш) мажбурияти вужудга келса, бундай ҳолларда ички текширувни ўтказиш муддати истисно тариқасида, яна бир ойдан кўп бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Ички хизмат текшируви жараёнида ишчи гуруҳ қонунбузилиш билан боғлиқ маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва ҳужжатлаштиришни амалга оширади, қонунбузилиш ҳолатларини, уни содир этишда иштирок этган шахсларни, Жамиятга етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини ва қонунбузилиши содир этилишига оид бошқа маълумотларни ўрганади.

Ички хизмат текшируви натижаларига кўра, ишчи гуруҳи раҳбари ёки унинг топшириғига биноан, ишчи гуруҳи аъзоларидан бири ёзма хулоса чиқаради ушбу шакл раҳбар, ишчи гуруҳининг барча аъзолари, шунингдек, ички текширув олиб борилаётган ходим томонидан имзоланади.

Ички текширув натижаларига кўра, тегишли буйруқ чиқариш орқали Жамият Бошқарув ёки Кузатув кенгаши раиси бир ёки бир нечта қарор қабул қилади:

- қонунбузилиши тўғрисидаги маълумотлар тасдиқланмаганлиги сабабли ички текширувнинг тугатилиши тўғрисида;

- ички текширув материалларини қайта кўриб чиқиш учун қайтариш, сабаблари ёки асослари ва қайта ишлаш муддатларини, шунингдек, агар лозим бўлса, ишчи гуруҳ таркибини ўзгартириш тўғрисида;

- айбдор ходимга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш ёки уни Жамиятнинг амалдаги қонунчилиги ва ички меъёрий ҳужжатларида назарда тутилган моддий ёки бошқа жавобгарликка тортиш тўғрисида;

- ходимга нисбатан профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш;

- келгусида шунга ўхшаш қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўтказиш;

- ходимнинг ҳуқуқбузарлиги тўғрисидаги материалларни, агар уларда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқбузарлик (жиноят) белгилари бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш.

 

Йиғилиш сўнгида семинар мавзуси бўйича иштирокчиларнинг бир қатор саволларига жавоблар берилди.

 

Ўзкимёсаноат АЖ Матбуот хизмати