“Қўнғирот сода заводи” МЧЖ томонидан “А” маркали кальцинацияланган сода ишлаб чиқарила бошланди

// 03.07.2020 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (163.33 KB)

“Қўнғирот сода заводи” МЧЖда кальцинацияланган сода ишлаб чиқарилиши 2006 йилда ишга туширилган бўлиб, шу кунгача “Б” маркали (“енгил”) кальцинацияланган сода ишлаб чиқарилган.

Жорий йил 30 июнь куни “Қўнғирот сода заводи”да “А” маркали “оғир” кальцинацияланган сода олинди. Кейинги 3 кун давомида ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ режимга чиқиши режалаштирилмоқда.

“Оғир” сода “Б” маркали (енгил) кальцинацияланган сода каби кимёвий таркибга эга бўлиб, унинг сочилиш зичлиги 0,9-1,1 г/см3ни ташкил этиши эвазига “енгил” содага нисбатан унинг истеъмол хусусиятларини оширади.

Унинг моногидрат усулида олинган кристаллари барқарор формага эга бўлиб, у чангимайди ва юклаш, ташиш жараёнларида сочилиш зичлиги деярли сақланиб қолади.

Оғир сода енгил сода каби шиша маҳсулотлари ва синтетик ювиш воситалари ишлаб чиқаришда, қурилиш моллари тайёрлашда ҳамда саноат миқёсида сувнинг қаттиқлигини пасайтириш мақсадида қўлланилади.

Июль ойининг иккинчи ярмидан “А” маркали кальцинацияланган сода “Сирдарё универсал ойна” МЧЖга етказиб бериш ва маҳсулотни экспортга чиқариш режалаштирилмоқда.

 “Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати