Европа Иттифоқининг “65 лойиҳаси” бўйича “Хавфсизликни ошириш ва қалтисликларни камайтириш учун Марказий Осиё мамлакатларида кимёвий ва биологик чиқиндиларни бошқаришни кучайтириш” мавзусидаги минтақавий семинар ташкил этилди.
Тошкентдаги Lotte City Hotel Tashkent Palace меҳмонхонасида ўтказилган семинарда бешта шерик-мамлакатлар: Афғонистон, Мўғулистон, Қирғизистон, Покистон, Ўзбекистон ўртасидаги узоқ муддатли мулоқотларга кўмак бериш учун, шунингдек, лойиҳа доирасида ва унинг ташқарсида амалга ошириладиган умумий стратегияларни белгилаб олиш учун аниқ имкониятни тақдим этди.
Семинарда Европа Иттифоқи делегатлари, миллий координаторлар, маҳаллий экспертлар шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва ташкилот тизимидани “Фарғонаазот” АЖ ҳамда “Махсам-Чирчиқ” АЖ вакиллари иштирок этди.
Минтақавий котибият, Европа Иттифоқи ва “65 лойиҳаси” вакиллари томонидан Минтақавий семинар очиб берилди.
Марказий Осиё Минтақавий котибиятининг раҳбари жаноб Бахтиёр Ғуломов ўзининг табрик нутқида эришилган натижалар ва келажакда кутилаётганлар тўғрисида тақдимот қилиб, лойиҳанинг асосий мақсадлари ҳақида гапириб берди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарининг ўринбосари жаноб Юсси Нарви, йиғилганларни қутлади ва Марказий Осиёда “65 лойиҳаси”ни амалга ошириш, бу нафақат минтақадаги кимёвий ва биологик чиқиндиларни бошқаришни кучайтириш, балки, кенг минтақавий ҳамкорликнинг қийматини намойиш этиш учун ҳам муҳим эканлигини қайд этиб ўтди.
Тадбирнинг биринчи куни минтақавий техник маслаҳат гуруҳини яратишга қаратилган “65 лойиҳаси”нинг 7-Ишчи пакетига бағишланди.
“Фондазионе ФОРМИТ” (Италия) вакили Жулиа Раписетта хоним маслаҳат гуруҳининг концепцияси ва асосий функциялари билан таништириб, минтақавий талабларга мослаштирилган воситани тадбиқ этиш ва ишлаб чиқишни енгиллаштирувчи инновацион ғоялар билан ўртоқлашди.
Сўнг иштирокчилар асосий талаблар ва кутилган натижаларни баён қилиш учун очиқ мунозарага киришдилар. Барча шерик мамлакатлар техник маслаҳат гуруҳини тузишда “65 лойиҳаси”дан ёрдам олиш истагини билдиришди.
Куннинг иккинчи яримида, лойиҳани миллий даражада амалга ошириш туфайли эришилган натижалар ва энг яхши тажрибаларга бағишланган миллий координаторларнинг тақдимотлари бўлиб ўтди. Келгусида уларни амалга оширишни енгиллаштириш мақсадида Марказий Осиё минтақаси учун фойдали бўладиган келажакдаги ҳаракатлар бўйича тавсиялар ва талаблар ишлаб чиқилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати