Дуал таълим – малакали ўрта бўғин кадрлар тайёрлашнинг самарали модели

// 22.12.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (31.7 MB)

Иқтисодиёт тармоқларини малакали ўрта бўғин кадрлари билан таъминлаш, ишчи касбларга бўлган юқори талабни қондириш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан дуал таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда бугун Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технологиялари университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида Ангрен технология техникуми ўқитувчилари ва таълим усталари учун “Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш, бошқариш ҳамда замонавий таълим методлари ва методологияси” мавзусида 3 кунлик ўқув семинари бошланди.

Тадбир доирасида иштирокчиларга дуал таълим тизимини самарали жорий этиш ва ривожлантириш бўйича илғор тажрибалар тақдим этилади. 

Жумладан, Тошкент кимё-технология институтида дуал таълим тизимини жорий этиш ва ривожлантириш тажрибаси, ишчи касбларга бўлган эҳтиёж ва замонавий меҳнат бозори талаблари, шунингдек, кимё технологияси соҳасида замонавий метод ва таҳлиллардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинади.

Шунингдек, Миллий технологик тадқиқотлар университети — “МИСиС”нинг Олмалиқ шаҳридаги филиали билан “Олмалиқ КМК“ АЖ ўртасидаги дуал таълим тажрибаси бўйича амалий таҳлиллар ўтказилади.

Ушбу ўқув семинари таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий талабларга жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.


 


Сўнгги янгилаш санаси: 22.12.2025