“Деҳқонобод калий заводи” АЖ ташкил топганлигининг 15 йиллиги кенг нишонланди

// 23.08.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (1.84 MB)

Бугун “Деҳқонобод калий заводи” АЖда юртимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги ҳамда корхона ташкил топганининг 15 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида бир қатор тадбирлар ўтказилди.

Тадбирларда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, Деҳқонобод тумани ҳокими Шерзод Шокиров, “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти ва корхона ишчи-ходимлари иштирок этди. Унда меҳнат фидоийларининг юксак ҳиссаси эътироф этилди, сўзга чиққанлар корхонанинг 15 йиллик тараққиёт йўли, ютуқ ва муваффақиятларини қайд этишди.

Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбирлар доирасида 30 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари учун хайрия асосида суннат тўйлари ўтказилди. Шунингдек, ўзининг виждонан ва садоқат билан хизмат қилган, фидокорона меҳнати билан ажралиб турувчи ходимлар Қашқадарё вилояти ва Деҳқонобод туман ҳокимликлари, “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда корхона раҳбарияти томонидан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбир давомида кўп йиллар мобайнида самарали фаолият юритган ходимлар тантанали тарзда нафақага кузатилди. Бундай эътироф ва эътибор меҳнаткашлар қалбида катта фахр ва ҳурмат туйғуларини уйғотди. Маросимда мамлакатимизда танилган санъаткорлар иштирокида концерт дастури ҳам намойиш этилди. Қўшиқлар, рақслар ва ижодий чиқишлар байрамга ўзгача кайфият бахш этди.

Тадбир якунлари бўйича корхона жамоасининг ҳамжиҳатлиги, эзгу қадриятларга содиқлиги ва юрт тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссаси алоҳида таъкидланди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати


Сўнгги янгилаш санаси: 26.08.2025