Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида мамлакат ривожланишиинг устувор ёндашувлари белгилаб берилди.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий энерготежамкор технологияларни кенг қўллаш орқали иқтисодиётда “углерод изи”ни камайтириш масаласи ҳам шулар жумласидандир.
“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида кимё саноати корхоналарининг иссиқхона газлари ажратмаларини хатловдан ўтказиш ва углеродни тартибга солиш механизмлари таъсирини баҳолаш ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Яшил иқтисодиёт лойиҳалари маркази” ва Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология маркази билан ҳамкорликда иссиқхона газларини аниқлаш, ҳисоблаш ва хатловдан ўтказиш бўйича ягона қўлланма (методика) ишлаб чиқилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати