“Ўзкимёсаноат” АЖ Коррупцияга қарши курашиш ва Комплаенс бошқармаси ва тармоқ корхоналари Комплаенс хизматлари томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида 2025 йилнинг ўтган 3 ойи давомида белгиланган вазифалар доирасида тегишли тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, ҳисобот даврида комплаенс назорат ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар “Ўзкимёсаноат” АЖ ижро аппарати, “Навоиазот”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Максам-Чирчиқ”, “Аммофос-Максам”, “Ўзкимёсаноатлойиҳа” АЖлари ҳамда “Қизилқум фосфорит комплекси”, “Ўзкимёимпэкс” МЧЖларида амалга оширилди.
Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖнинг Коррупцияга қарши курашиш дастури, дастур доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси, Жамиятга янги ишга қабул қилинган ходимларни коррупцияга қарши курашишга оид ўқитиш режаси шунингдек, коррупцион хавф юқори бўлган лавозимда ишловчи ходимларни ўқитиш дастури ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолашга оид йўл хариталари ишлаб чиқилиб тасдиқланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 12 январ куни қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “E-Antikor.uz” электрон платформасига “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида шу йилнинг ўтган 3 ойи давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишларга оид маълумотлар 5 та йўналишда 29 та махсус индикаторлар асосида платформага бириктирилди.
Шу билан бирга, мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 11 майдаги “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жамиятнинг жами 58 та функциялардаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилиб, “E-Antikor.uz” электрон платформасига жойлаштирилди. Жамият фаолиятидаги коррупциявий хавф-хатарлар харитаси тасдиқланган ҳолда жамоатчиликка очиқ эълон қилинди.
Шунингдек, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуннинг моҳияти ва аҳамиятини Жамият бошқарув ходимларига тушунтириш юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан хамкорликда семинар ташкил этилди. Бундан ташқари, “Ўзкимёсаноат” АЖда 16 та, “Навоийазот” АЖда 29 та, “Деҳқонобод калий заводи” АЖда 9 та, “Максам-Чирчиқ” АЖда 15 та, “Аммофос-Максам” АЖда 11 та ҳамда “Ўзкимёимпэкс” МЧЖда 11 та коррупцияга қарши курашишга оид қабул қилинган ички идоравий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, жами аниқланган 18 та ҳолатдаги коррупцион омилларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Ҳисобот даврида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналарида растрата, камомад, коррупцион ва бошқа қонунбузилишлар бўйича жами 15 та ҳолат аниқланди. Улар бўйича тегишли тартибда ўрганишлар ўтказилиб, расмийлаштириш чоралари кўрилди. “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналари томонидан ўтказилган тендер танловлари ва тузилган шартномаларнинг қонунийлиги ҳамда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг мавжудлиги бўйича жами 562 та ҳолатда контрагентлар бўйича текширув ўтказилди. Ўрганиш натижасига кўра 3 та ҳолатда тендер танловлари ва тузилган шартномалар бекор қилиниб, 32 млрд сўм пул маблағларининг ноқонуний сарфланишининг олди олинди. Ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслар томонидан Жамият ва унинг тармоқ корхоналарига коррупцион ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жами 11 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 10 таси юзасидан хизмат текшируви ўтказилди.
Унинг натижаларига кўра 1 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган, 7 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган. Етказилган 140 миллион сўм зарарнинг 70 миллион сўми жамият ҳисобига ундирилиши таъминланди. Ҳозирда қолган қисмини ундириш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, мониторинг тадбирлари давомида минерал ўғитларнинг тўғри ва сифатли сақланаётганлиги, тузилган шартномаларнинг қонунийлиги, истеъмолчиларга етказиб бериш тартибига риоя қилиниши ҳолатлари ўрганилиб, келгусида корхона мулки талон-тарож қилинишининг олдини олиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди.
"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати