“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг расмий баёноти

// 26.10.2021 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (124.5 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти  ташкилот тизмидаги “Navoiyazot” акциядорлик жамияти фаолияти билан боғлиқ kun.uz интернет нашридаги “Заҳарланган Зарафшон” сарлавҳали мақоласида келтирилган маълумотлар атрофлича ўрганиб чиқилиб қуйидагиларни маълум қилади.

“Navoiyazot” акциядорлик жамияти томонидан атмосферага ташланадиган ташламалар, оқова сувлар ташламалари меъёрларига риоя қилиш ҳамда оқова сувларни тозалаш иншоотларининг ишлаш самарадорлиги мунтазам назорат қилиб келинади.

Лавҳада “Navoiyazot” АЖдан мана шу заводдан чиқаётган барча кимёвий элементлар биринчи қудуғи” жумласи нотўғри маълумот ҳисобланади. Чунки бу қудуқдан “Navoiyazot” АЖнинг барча оқава сувлари чиқарилмайди, аксинча бу қудуқдан фақат ёмғир сувлари ҳамда совутиш тизимларидан зарарли бўлмаган сувлар ташланади.

“Navoiyazot” АЖ асосий ишлаб чиқариш қурилмаларидан хосил бўладиган саноат ва маиший оқова сувлари Биокимёвий тозалаш иншоотида тозаланади ва қудуқга эмас, балки коллектор орқали Зарафшон дарёсига ташланади. Қаттиқ ҳолатдаги ифлослантирувчи моддалар шламонакопителга юборилади. Шу ўринда такрор бўлса-да таъкидлаб ўтиш лозимки, биокимёвий тозалаш иншоотига келадиган оқова сувларининг 81 фоизини Навоий шаҳри ва бошқа саноат корхоналари оқова сувлари ташкил қилади.

Лавҳада кўрсатилган сувга заҳарли моддаларни оқизиш каби айбловчи хулосаларни нотўғри деб ҳисоблаймиз. Корхонанинг оқова суви сифатининг динамикаси кескин ўзгаришларсиз ва “заҳарли” моддалар мавжуд эмас. Оқова суви таркибидаги хлорид, мис, азот моддалари 3-4 хавф тоифасига киради. Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъул ходими томонидан айтилган нитрат кислотаси сувга ташланмайди. Сувда кислота борлигини рН кўрсатгичи билдиради. Таҳлил натижалари шуни кўрсатдики, “Navoiyazot” АЖ оқава сувлари рН кўрсатгичи ҳеч қачон меъёрдан ошмаган. Хлоридлар миқдори рухсат этилган нормадан, яъни 300 мг/м3 миқдордан ошмаган ва миснинг миқдори ҳам рухсат этилган нормага (0,001 мг/м3) яқин бўлган.

Лавҳада кўрсатилган сувдаги маиший чиқиндилар ҳам “Navoiyazot” AЖга тегишли эмас, аксинча маҳаллий аҳоли томонидан ташланадиган сувлар ҳисобланади. Қуйидаги расмда (лавҳадан олинган) “Navoiyazot” AЖдан чиқаётган оқава сувлар бетонли лоток орқали ташланади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, оммавий ахборот воситаларидан вазиятни атрофлича ўрганган ҳолда профессионал журналистик суриштирув ўтказиб холис баҳо беришларини сўраб қоламиз ва ҳолатни батафсил ўрганиш мақсадида барча журналист ва блогерларни пресс-турга таклиф этамиз.

Шу мақсадда “Navoiyazot” AЖнинг фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари ва атроф-муҳит муҳофазаси борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзу юзасидан саволларга жавоб олиш учун журналист ва блогерлар иштирокида 2021 йил 29 октябрь куни корхонага пресс-тур ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, пресс-тур доирасида корхонадаги янги ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳсулотларнинг сифат даражаси билан яқиндан танишиш имкониятига ҳам эга бўласиз.

Пресс-турда иштирок этиш истагини билдирган барча журналист ва блогерлар 78 коди билан 140-74-26 ёки 97 коди билан 136-35-04 телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Пресс-тур билан боғлиқ қўшимча маълумотлар “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қиланади.