Атроф-муҳит муҳофазаси – саноат ривожидаги асосий устуворлик

// 10.09.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (8.97 MB)

"Ўзкимёсаноат" АЖ ва тармоқ корхоналари ўз фаолияти давомида экологик барқарорликни таъминлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаган. Бу борада экологик талабларга риоя этиш, ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий ва экологик хавфсиз технологиялардан фойдаланиш, чиқиндиларни камайтириш ҳамда қайта ишлашни йўлга қўйиш орқали табиатга бўлган таъсирни минималлаштириш юзасидан аниқ ва амалий чоралар кўриб келмоқда.

Хусусан, шу йилнинг январь-август ойларида мазкур йўналишда жами 68 та тадбир амалга оширилиши натижасида атмосферага ташланмалар 8,1 минг тоннага камайтирилди. 426 тонна чиқиндилар ҳосил бўлиши олди олинди, 17,5 минг тонна чиқинди утилизация қилинди, 204 минг м3 оқова сув ташламалари қисқаришига, 33,0 минг мичимлик суви ва 318,5 минг м3 артезиан суви иқтисод қилинишига эришилди.

Корхоналарда атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташланмалари манбаларидан намуналар олиш ва таҳлиллар ўтказиш бўйича доимий назорат олиб борувчи автоматик станцияларни  ва стационар постлар харид қилиш ҳамда ўрнатиш юзасидан амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Масалан, бундай ускуналар “Навоийазот” АЖда 3-, 23- ва 25-цехларга ўрнатилган бўлиб (тест режимида) ишламоқда. Бундан ташқари ҳудудий экология бошқармасининг ягона геоахборот тизимига интеграциялаш ишлари олиб борилмоқда.

  Шу билан бирга айни пайтда жамият мутахассислари 8 та манзилга ана шундай назорат ускуналарини жойлаштирдилар. Улар орқали ҳаво таркибидаги газларнинг миқдори, инсон саломатлигига таъсири, ифлосланиш манбалари аниқланади. Бу эса Навоий шаҳридаги саноат, ишлаб чиқариш корхоналарининг қай даражада экологик стандартларга риоя қилаётганини ўрганиш ва амалий чора-тадбирлар кўришга хизмат қилади.  

“Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ХКга ҳам стационар постлар олиб келинди ҳамда Элобод шаҳарчасига ўрнатилиб, жорий йил июнь ойининг биринчи ярмида ускуна ишга туширилди. “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ автоматик газ таҳлил қилиш ускуналари, “Деҳқонобод калий заводи” АЖда экопостлар ўрнатилди. Уларнинг барчасини Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши Вазирлигининг ягона геоахборот тизимига интеграциялаш ишлари олиб борилмоқда.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати

 


Сўнгги янгилаш санаси: 10.09.2025