«ЎЗКИМЁСАНОАТ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ РАСМИЙ БАЁНОТИ

// 23.02.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (141.22 KB)

Шу йилнинг 22-февраль санасида ижтимоий тармоқларда, хусусан, блогер Зафарбек Солижонов блогида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятига алоқадор бўлган, «Олий маълумотли ишсизлар кўпаядими?» сарлавҳаси остидаги постида кўтарилган масалалар юзасидан, «Ўзкимёсаноат» АЖ қуйидагиларни маълум қилади.

Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш лойиҳасини дастлаб “Air Products and Chemicals” ширкати тўлиқ ўз маблағи, яъни тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган ҳолда амалга оширишга тайёр эканлигини билдирган. Бироқ таҳлилларга кўра,“Air Products and Chemicals” берган талаблар асосида ишлаб чиқилган лойиҳа молиявий модели натижалари ушбу лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан самарасиз эканлигини кўрсатган. Натижада «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан лойиҳани амалга ошириш ишлари вақтинча тўхтатилган.

Мазкур лойиҳа учун ажратилган ер майдони эса «Ўзкимёсаноат» АЖ тасарруфида ҳисобланиб, бугунги кунда ҳудудда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш устида ишланмоқда. «Сирдарё эркин иқтисодий зона дирекцияси» ДУК тақдим этган маълумотларга кўра ажратилган ер майдонида бугунги кунда ҳеч қандай уй қурилиши ишлари олиб борилмаяпти. Постда келтирилган маълумотлар ўз исботини топмади.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш муҳим. «Ўзкимёсаноат» АЖ янги иш ўринлари яратиш борасида Тошкент кимё-технология институти билан ҳамкорликда  доим тизимли ишларни ташкиллаштирган. Ҳозирги кунга келиб «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан Навоий, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Устюрт ҳудудида ташкил этилаётган кимё технологик кластерлар негизида умумий қиймати 7,7 млрд долларлик 49 та истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур кимё технологик кластерлар ишга тушиши натижасида 5602 нафар янги иш ўринлари яратилади. Бундан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, нафақат Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали битирувчилари, балки юртимизда кимё-технология соҳасида таҳсил олаётган барча талабаларда, яратиладиган янги иш ўринларида фаолият олиб бориш имконияти мавжуд бўлади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати ОАВ ва блогерлар билан ҳамкорликка доим тайёр эканлигини маълум қиламиз.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати