Тошкент кимё-технология институтида «Барқарор ривожланиш ва яшил иқтисодиёт – 2026» халқаро илмий ҳафталиги ўтказилмоқда. Тадбир яшил иқтисодиёт, экологик барқарорлик, инновацион кимёвий технологиялар ва замонавий илм-фан ютуқларига бағишланган.
Илмий ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология, иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, “Ўзкимёсаноат” АЖ, Ўзбекистон экологик партияси ҳамда қатор халқаро университет ва саноат корхоналари ҳамкорлигида ўтказилмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси иштирок этиб, соҳада яшил технологияларни жорий этиш, инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш ва илм-фан ҳамда саноат интеграциясини кучайтириш масалаларига алоҳида тўхталди.
Тадбирда чет эл олимлари, профессорлар, экспертлар ҳамда саноат вакиллари иштирок этмоқда.
Илмий ҳафталик доирасида постер сессиялари, саноат кўргазмалари ва халқаро учрашувлар ташкил этилмоқда.
Форум ва конференцияларда яшил кимё, нанотехнологиялар, қайта тикланувчи энергия, чиқиндиларни бошқариш, биотехнологиялар ва рақамли технологияларга оид долзарб мавзулар муҳокама қилинмоқда.