Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи якунлари тўғрисида

// 06 3 2015 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (38.69 KB)

Жорий йилнинг 1-3 март кунлари Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияниниг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.Ғаниев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Абу–Даби шаҳрига ташриф буюрди.

Йиғилишда  БАА делегациясига иқтисодиёт вазири Султон Ал-Мансур бошчилик  қилди. Делегация таркибини ташқи ишлар, молия, сув ва атроф-муҳитни  қўриқлаш вазирликлари, иқтисодий ривожланиш ва транспорт департаменти, савдо-саноат палатаси, мамлакатнинг етакчи компания вакиллари ташкил этди.

Йиғилиш кун тартибига мувофиқ икки томонлама ўзаро манфаатли бўлган савдо-иқтисодий алоқаларни истиқболда кенгайтириш, товар айланмаси ҳажмини ошириш, Ўзбекистонда юқори технологик ишлаб чиқаришни яратиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, молиявий-техник ҳамкорлик, транспорт ва туризм соҳасидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

БААнинг етакчи компаниялари билан инвестициявий ҳамкорлик бўйича қўшма дастур  қабул  қилиш ва ишбилармон доира вакилларининг ўзаро учрашувларини ташкиллаштириш шунингдек, умумий миқдори 119,5 миллион доллар бўлган молиявий ва техник кўмаклашиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш борасида келишувга эришилди.

Комиссия йиғилиши доирасида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар инвестициялар ва савдо вазирлиги ташқи савдо компаниялари ва БАА компаниялари ўртасида маҳсулотлар етказиб бериш бўйича умумий қиймати 73,9 миллион доллар бўлган экспорт шартномалари тузилди.

04.03.2015, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги