Ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

// 28.12.2014 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (54.04 KB)

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг иқтисодиёт, банк-молия, савдо-саноат, сармоя, божхона, ёқилғи-энергетика, автомобилсозлик, транспорт ва транспорт коммуникациялари, қишлоқ ва сув хўжалиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, сайёҳлик ва авиаташув каби соҳаларда фаолият кўрсатаётган қатор вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Рустам Азимов мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан, иқтисодий йўналишда ҳам изчил ривожланиб бораётганини, икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг шу йил ноябрь ойида Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янги босқичга кўтариш учун имкониятлар яратди.

Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатларининг ҳуқуқий асоси ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳаларини қамраб олган. 1998 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома уларнинг асосини ташкил этади. Шунингдек, савдо-иқтисодий йўналишда 2007-2016 йилларда иқтисодий ҳамкорлик стратегияси, эркин савдо, сармояларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоялаш, икки томонлама солиқдан қочишга оид битимлар бор.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидандир, икки томонлама савдо алоқалари изчил тараққий этмоқда. Ҳамкорликни ривожлантиришдан катта манфаатдорлик туфайли ўзаро савдо айланмаси ҳажми ҳам жадал суръатлар билан ўсмоқда. Хусусан, 2013 йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 14 фоиз ўсиб, 3,2 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилди. Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида эса бу кўрсаткич 3 миллиард доллардан ошди.

Ўзаро инвестиция ҳамкорлиги кўлами ҳам мунтазам кенгаймоқда. Қозоғистонлик кўплаб ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирмоқда, мамлакатимизга инвестиция киритиб, қўшма корхоналар ташкил этаётир. Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон сармояси иштирокида тузилган 180 корхона фаолият кўрсатмоқда, ушбу мамлакатнинг 4 фирма ва компанияси мамлакатимизда ўз ваколатхонасини очган.

Тадбирда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги марраларга олиб чиқиш учун икки томон ҳам улкан имкониятларга эга экани қайд этилди. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида ўзаро товар айирбошлашни янада кўпайтириш, маҳсулот турларини кенгайтириш, юкларни ташиш учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

– Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмасининг тобора ўсиб бораётгани ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради, – деди Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия ҳамраиси Бакитжон Сагинтаев. – Бугунги музокара икки давлат ўртасидаги ўзаро истиқболли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Транспорт ва транспорт коммуникациялари, мамлакатларимизнинг улкан транзит салоҳиятидан фойдаланиш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш икки томонлама муносабатларнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Юкларни ташишда, жумладан, темир йўл транспорти ёрдамида олиб ўтиш ва етказиб беришда ўзаро мақбул тариф преференцияларини тақдим этиш муҳим аҳамият касб этади. Бу транспорт коридорларининг рақобатдошлигини ошириш, улардан янада самарали фойдаланиш имкониятини яратади.

Музокарада икки мамлакат Президентларининг учрашувларида эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни атрофлича таҳлил қилинди. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди. Анжуманда иқтисодиётнинг турли йўналишлари, жумладан, транспорт ва транспорт коммуникациялари, транзит, авиаташув, нефть-газ каби қатор соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Қозоғистон делегацияси пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Ирода Умарова, ЎзА