Иқтисодиётда ҳисоб-китоблар ҳолатини яхшилаш – барқарорлик омили

// 18.04.2018 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (56.27 KB)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 апрель куни иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоб тизимини такомиллаштириш, дебитор, кредитор ва бюджет олдидаги қарздорликларни камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқларида назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, тўлов интизомини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бу борада янги тизим яратилди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Бу соҳада тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммоларни бартараф этиш борасида муҳим қадам бўлди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари узоқ йиллардан бери ҳисоб-китоб тизимига эътибор қаратилмай келингани, иқтисодиёт тармоқларида пул оқимлари самарасиз бошқарилгани ва номутаносиб тақсимлангани оқибатида қарздорлик ҳолатлари кўпайиб кетганини таъкидлади.

Буни бартараф этиш бўйича сўнгги вақтларда қатор чоралар кўрилди. Иқтисодиётнинг базавий тармоқлари молиявий ҳолатини яхшилаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятларининг умидсиз дебитор қарзлари ҳисобдан чиқарилди. “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятининг кредитор қарздорликлари бюджет ссудалари орқали камайтирилди.

Иқтисодиёт тармоқларини ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш учун нефтни қайта ишлаш корхоналарини молиявий соғломлаштириш мақсадида салмоқли маблағлар ажратилди.

Солиқларни тақсимлаш тизими қайта кўриб чиқилиши орқали нефтни қайта ишлаш корхоналари ихтиёрида йилига 670 миллиард сўм, электр станциялари ҳисобида 100 миллиард сўм маблағ қолдирилди.

Фермер хўжаликлари бир неча марта тугатилиши ва қайта ташкил этилиши ҳисобига тижорат банклари йўқотган ликвидликни қоплаш учун маблағ йўналтирилди.

Монопол корхоналарнинг юқори ликвидли 27 турдаги маҳсулотларини фақат электрон биржа савдоси орқали ички бозорга сотиш механизмлари йўлга қўйилди, давлат томонидан уларнинг нархини декларация қилиш тартиби бекор қилинди.

Бироқ, шунга қарамасдан, жорий йил 1 март ҳолатига кўра, иқтисодиёт тармоқларида жами дебитор ва кредитор қарздорлик ўтган йилга нисбатан мос равишда 16 фоиз ва 13 фоизга ошган. Муддати ўтган дебитор қарздорлик йил бошига нисбатан 60 фоизга камайишига эришилган бўлса-да, ўтган йилги қарздорликдан 2,7 баробар кўп.

Жами дебитор қарздорликнинг салмоқли қисми ёқилғи-энергетика комплексига тўғри келмоқда. Ушбу соҳадаги дебитор қарздорлик йил бошига нисбатан 16 фоизга ошгани кузатилган. Машинасозлик ва пахтани қайта ишлаш комплексида 13,7 фоизга, қурилиш ва транспорт масалалари комплексида 20 фоизга ошган.

Биргина “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятлари тизимида муддати ўтган дебитор қарздорлик 460 миллиард сўмга етган. “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятида 341 миллиард сўмлик муддати ўтган қарздорлик ҳосил бўлган. “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятларида ҳам дебитор қарздорлик юқорилигича қолмоқда.

– Бирор ташкилотга раҳбар тайинландими, у ишни ҳисоб-қитоб тизимини тартибга солишдан бошлаши керак. Бизда эса аксинча, техник-иқтисодий томони билан шуғулланишга киришади. Иқтисодиётда қарздорликларни камайтириш бўйича тизимни ўзгартириш даври келди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари фермер хўжаликларининг солиқ борасидаги қарздорлигини ҳам камайтириш зарурлигига эътибор қаратди. Чунки машина-трактор парклари томонидан кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга оширишнинг жорий механизми таъсирида фермер хўжаликларининг “Ўзагросервис” акциядорлик жамияти олдидаги қарздорлиги ошиб бормоқда.

Солиқ ва кадастр идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорлик самарали йўлга қўйилмагани оқибатида солиқ идоралари базасида 212 минг гектар ерга эга 3 минг 247 фермер хўжалиги ҳақидаги маълумот мавжуд эмас, кадастр идораларида рўйхатга олинган 405 минг 508 турар ва нотурар жой объекти солиқ идораларида ҳисобга олинмаган. Бунинг оқибатида бюджетга ягона ер солиғи бўйича 1,8 миллиард сўм тушмасдан қолган.

Ҳозирги кунга қадар 1 миллион 100 мингдан ортиқ турар жойларнинг кадастр ҳужжатлари мавжуд эмас ва бу объектлар солиқ базасида ҳисобга олинмасдан келмоқда.

Жорий йил 1 апрель ҳолатига кўра, бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан солиқ қарздорлиги ҳам юқори.

Ўз навбатида, 2015-2017 йилларда корхоналарга солиқ имтиёзлари асоссиз тақдим қилингани натижасида бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга 49,2 миллиард сўм ундирилмаган. Бундан ташқари, божхона омборларида 90,5 миллион долларлик товарлар 3 йилдан ортиқ муддат давомида сақлаб келинмоқда.

Иқтисодиёт тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилишнинг аниқ ҳисоби ҳанузгача мавжуд эмаслиги, давлат идоралари ўртасида электрон ҳамкорлик ва маълумот алмашуви йўлга қўйилмагани, солиқ, божхона назорати тизими етарлича тартибга солинмагани, қарздорликни ундириш тизими самарасизлиги, мазкур соҳада ўрнатилган жавобгарлик чоралари мансабдор шахслар ва фуқароларнинг тўлов интизомига сўзсиз риоя этиш борасидаги масъулиятини ошириш учун етарли эмаслиги ушбу қарздорликлар келиб чиқишининг асл сабаблари ҳисобланади.

Йиғилишда Президентимиз Бош вазир ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш, дебитор, кредитор ва бюджет олдидаги қарздорликларни қисқартириш, туман, вилоят ва республика даражасида солиқ органлари, банклар, хизмат кўрсатувчи ва бошқа идоралар ўртасида ҳар ой якуни бўйича ўзаро қарздорлик ҳолатини солиштириб бориш тизимини жорий этиш, солиштирмалар асосида қарздорлик аҳволини Вазирлар Маҳкамаси комплексларида ҳар ойда жиддий муҳокама қилиш, давлат идоралари ўртасида электрон ҳамкорлик ва маълумот алмашувини йўлга қўйиш борасидаги ишларни жадаллаштириш юзасидан топшириқлар берди.

ЎзА