Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ривожланмоқда

// 05.06.2014 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (69.09 KB)

Тошкентда 5-6 июнь кунлари “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ушбу анжуманда 200 дан ортиқ чет эллик олимлар, экспертлар, инвесторлар ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари иштирок этади.

ЎзА мухбирлари конференциянинг хорижлик иштирокчилари билан суҳбатлашди.

Михаил Кулик, “Sampo Rosenlew” компанияси менежери (Финляндия):

– Ўзбекистон иқтисодиёти жадал тараққий этмоқда. Шу боис кўплаб давлатлар мамлакатингиз билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда.

Компаниямиз ғалла ўрадиган комбайнлар ишлаб чиқаради. Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришган кам сонли мамлакатлардан. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ғалла ҳосилдорлигини ошириш, соҳага замонавий агротехнологияларни жорий қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан яхши хабардормиз. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш ниятидамиз.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, фермер ва ишбилармонларга имтиёзлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътиборга молик. Бу мамлакат иқтисодиётининг изчил ривожланиши, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишида муҳим омилдир.

Нео По Им Дороти хоним, “Food Expertise” компаниясининг савдо менежери (Сингапур):

– Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва аҳолига етказиб бериш жараёни пухта шаклланганига ва бу бўйича катта тажриба тўпланганига гувоҳ бўлаяпмиз. Ўзбекистон нафақат саховатли тупроғи, тотли мева-сабзавотлари, балки қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва асбоб-ускуналарини ишлаб чиқариш саноатининг изчил ривожланаётгани билан ҳам фахрланса арзийди. Мамлакатингизнинг ушбу йўналишда фаолият юритадиган фирма ва компаниялари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, муайян келишувларга эришиш имконига эга бўлдик.

Ўзбекистонга биринчи келишим. Бу гўзал мамлакат ҳақида кўп эшитганман. Айниқса, Самарқанднинг довруғи бутун оламга таралган. Халқаро конференция доирасида уни зиёрат қиламан. Бу менга катта мамнуният бағишлайди.

Витаутас Рузгас, Литва қишлоқ хўжалиги институти директори:

– Ўтган йили Тошкентда ўтказилган “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этгандим. Ўшанда нафақат пойтахтингизда, балки мамлакатингизнинг қишлоқ жойларида ҳам шаҳардагидан қолишмайдиган уйлар барпо этилганини кўрганман. Намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган замонавий уй-жойлар қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, уларга ўзгача кўрк ва файз бағишлаш билан бирга, халқ ҳаётини обод, турмушини фаровон қилмоқда.

Ўзбекистоннинг бозорлари, дўконлар ва савдо марказларида бўлиб, мамлакатингиз озиқ-овқат саноати юксак даражада ривожланганига амин бўлдим. Савдо расталаридаги бежирим қадоқланган ҳар бир маҳсулот юқори сифати, табиийлиги, хуштаъмлиги ва, энг муҳими, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилгани билан эътиборимни тортди.

Ўзбекистоннинг ноз-неъматлари бутун дунёда қадрланади. Саховатли ўзбек заминида етиштирилаётган тотли мева-сабзавотлар Литвага ҳам кўпроқ боришини жуда хоҳлардик.

Мамлакатингизнинг ялпи ички маҳсулоти барқарор суръатларда ўсиб бормоқда. Барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли турмуш даражаси юксалишида муҳим омил бўлмоқда.

ЎзА, Ирода Умарова, Нодира Манзурова, 04.06.2014 18:52