Инвестициявий ҳамкорлик янги келишувлар билан бойиди Бирлашган Араб Амирликлари Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Иброҳим ал-Маҳмуд бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 3 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон – БАА бизнес-форуми ўтказилди.

// 04.10.2018 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (53.23 KB)

Инвестициявий ҳамкорлик янги келишувлар билан бойиди

Бирлашган Араб Амирликлари Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Иброҳим ал-Маҳмуд бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида 3 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон – БАА бизнес-форуми ўтказилди.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси ва Дубайдаги Бош консулхонаси кўмагида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари раҳбарлари, вилоят ҳокимликлари, шунингдек, “Ўзбекэнерго“, “Ўзбекнефтгаз“, “Ўзқурилишматериаллари“, “Ўзэлтехсаноат“, “Ўзбекозиқовқатхолдинг“, “Ўзагротехсаноатхолдинг“ каби етакчи компаниялар вакиллари иштирок этди.

Бизнес-форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродов, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов, Бирлашган Араб Амирликлари Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Иброҳим ал-Маҳмуд сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида ўрнатилган дипломатик алоқалар чорак асрдан зиёд тарихга эга. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий муносабатлар изчил ривожланиб бормоқда. Бу жараён кейинги йилларда янада фаоллашди.

2018 йил бошидан буён БААнинг 60 дан зиёд компанияси раҳбарлари мамлакатимизга ташриф буюрди. Икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми жорий йилнинг биринчи ярмида 82,4 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Юртимизда БАА сармояси иштирокида 100 та корхона ташкил этилган бўлиб, улар саноатнинг кўплаб тармоқларида фаолият кўрсатмоқда.

Аммо бу кўрсаткичлар икки давлатнинг иқтисодий салоҳиятига мос эмас. Ишга солинмаётган имкониятлар кўп. Бизнес-форумда айни шу масалага эътибор қаратилди. Делегация аъзолари мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништирилди, янги инвестиция лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди.

– Ташрифимиздан мақсад мамлакатингиздаги инвестициявий муҳитни ўрганиш, ўзаро сармоявий алоқаларни кенгайтиришдан иборат, – деди Абу-Даби Савдо-саноат палатаси Бош директори Муҳаммад ал-Муҳаирий. – Бугунги бизнес-форум шу мақсадни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади. Бизнес-мулоқотда Ўзбекистоннинг нефть-газ, сайёҳлик, озиқ-овқат, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, муқобил энергетика каби соҳалар бўйича салоҳияти билан танишдик. Янги инвестиция лойиҳаларига бағишланган тақдимотлар бизда катта қизиқиш уйғотди.

Бизнес-форум доирасида, жумладан, бунёдкорлик (савдо марказлари ва меҳмонхоналар), муқобил энергетика (шамол ва қуёш электр станциялари) каби йўналишларда келишувларга эришди. Шунингдек, Ўзбекистон ва БААнинг қиймати 1 миллиард АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланди.

Тадбирда икки давлат ишбилармон доираларининг “B2B” шаклидаги учрашувлари ҳам ўтказилди. ЎзА​​