ЎзА: Ёшлар нафақат янги ғоялар, балки инновацияларни ҳаётга татбиқ этишда ҳам етакчи куч

// 03.06.2025 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (8.02 MB)

Яқинда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Кимёгар” оромгоҳида “Кимё саноати ёш мутахассислари” илмий-интеллектуал форуми бўлиб ўтди.
“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, тизим корхоналари ҳамда Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу форумда соҳа мутахассислари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Форум доирасида шахсий ривожланиш бўйича тренинглар, маҳорат дарслари, спорт мусобақалари, раҳбар ва ёшлар учрашувлари, “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда “Энг яхши инновацион ғоя” танлови ташкил этилди.

Хусусан, 22 жамоа ўртасида ўтган “Заковат” интеллектуал ўйини қизғин ва беллашувларга бой тарзда ўтди. Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин “Maxam-Chirchiq” АЖнинг “Born to Win” жамоасига насиб этди. 2-ўринни Тошкент кимё-технология институтининг “Яшил ёқалилар” жамоаси эгаллади. 3-ўрин эса “Янги Ўзбекистон” университетининг “Enigma” жамоасига берилди. Беллашувлар ёшлар учун жамоавий ишлаш, тезкор фикр юритиш ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш салоҳиятини ривожлантиришда катта мактаб бўлди.

Семинар-тренингларда малакали спикерлар иштирок этди. Уларда спикер Нуриддин Убайдуллаев маъруза қилиб, ёшларга шахсий ўсиш, вақтни бошқариш, мотивация ва етакчилик қобилиятларини ривожлантириш борасида йўл-йўриқ ва маслаҳатлар берди.

– Бундай тадбирлар ёш мутахассисларнинг ташаббускорлигини оширишда, уларнинг инновацион ғояларини илгари суришда катта аҳамиятга эга, – деди спикер Н.Убайдуллаев. – Биз уларга имконият яратиб берсак, уларнинг ижодий салоҳияти ва янгича ёндашувлари кимё саноати ривожига хизмат қилади. Муҳими, мулоқот чоғида мен уларнинг ҳар бири аниқ мақсадлар сари интилаётганига гувоҳ бўлдим. Ёшлар орасидаги иштиёқ, билим олишга чанқоқлик ва ўз устида ишлашга тайёрлик катта ютуқлар омилидир. Шу боис, талабаларнинг фикрларини эшитиш, ғояларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш – жамиятимизнинг барқарор ва инновацион ривожи учун муҳим йўналишлардан биридир.

“Энг яхши инновацион ғоя” танлови эса форум доирасидаги асосий тадбирлардан бири бўлди. Унда 14 жамоа кимё саноатида маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, таннархни камайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, экологик хавфсизлик ва янги иш ўринларини яратиш бўйича лойиҳаларини тақдим этди.  

Танловда саноат хавфсизлиги, иқтисодий самарадорлик, минерал ўғитлар сифати ва хомашёни қайта ишлаш орқали янги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш масалалари алоҳида эътиборга олинди. Жамоаларнинг билимлари савол-жавоблар орқали ҳам синовдан ўтказилди.

“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ҳам форум иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Унда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Евгений Коржиков ёшлар билан очиқ мулоқот қилди.

– Ёшлардан энергия ва янги қарашларни кўрамиз. Биз уларнинг илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Чунки бугунги ёшлар  эртанги саноат ривожи учун зарур кадрлар ҳисобланади. Ёшлар нафақат янги ғоялар, балки инновацияларни ҳаётга татбиқ этишда ҳам етакчи кучдир. Уларнинг билимга чанқоқлиги, янгича фикрлаши ва ҳаракатчанлиги биз учун улкан имкониятлар эшигини очади. Биз ишонамизки, ёшлар салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш орқали саноатни модернизация қилиш, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига эришиш мумкин, –деди у.

Форум якунида “Энг яхши инновацион ғоя”, “Заковат” интеллектуал ўйини ва шахмат мусобақаларида ғолиб чиққан иштирокчилар тантанали равишда диплом, сертификат ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Масъуллар таъкидлаганидек, “Кимё саноати ёш мутахассислари” форуми нафақат ёшлар учун билим ва тажриба мактаби, балки саноатда инновацион ёндашувларни ривожлантириш, илмий ва ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа ҳисобланади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА


Сўнгги янгилаш санаси: 03.06.2025