ЎзА: Саноат ярмаркаси тадбиркорларни бирлаштирди

// 11.11.2024 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (153.42 KB)

Янгийўл тумани “Тинчлик” кичик саноат зонасида “Ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси” бошланди. Бундан кўзланган асосий мақсад йирик тармоқ корхоналарига маҳаллий кичик ва хусусий бизнес корхоналари томонидан импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни етказиб беришда кооперация алоқаларини ташкил этишдир.
Шу билан бирга, ярмарка “Металлургия, кимё саноати, электроэнергетика, электротехника, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги техникалари”ни ишлаб чиқариш соҳаларига ихтисослашган тармоқ ва ҳудудий корхоналар ўртасида кооперация алоқаларни янада мустаҳкамлаш билан бирга кичик бизнес субъектлари учун ҳам янада катта имкониятлар беради.  

Шуларни эътиборга олиб, икки кун давом этадиган ярмаркада 10 та тармоқ ва вазирликлар ҳамда республиканинг барча ҳудудларидан корхоналар ўз маҳсулоти билан қатнашмоқда. Жумладан, Тошкент вилоятидаги 242 та корхона ўзининг 1,2 минг турдан ортиқ маҳсулоти билан, шунингдек, мамлакатимизнинг бошқа вилоятларидан эса 50 га яқин корхона вакиллари иштирок этмоқда.  

Очилиш маросимида Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев сўзга чиқиб, тадбиркорлар фаолиятига ривож тилади. Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан иқтисодиёт тизимини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, саноат тузилмасини диверсификация қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришни янада қўллаб-қувватлаш ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларига айланди.  

Тошкент вилоятида ҳам ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш, импортни оптималлаштириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар сони 1 минг 700 тани ташкил этади.  

Хусусан, 2024 йил якуни билан 125 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Шундан 116 таси янги лойиҳалар, 60 таси мавжуд ишлаб чиқаришларни кенгайтириш ҳисобига янги маҳсулотлар ўзлаштирилди.  

Вилоятда сўнгги уч йилда маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажми 759 миллиард сўмдан 3,9 триллион сўмга, қарийб беш баробарга ўсган. Янгийўл туманида бошланган навбатдаги тармоқлараро саноат ярмаркасининг ўзига хос томони шундаки, қатнашчилар Тошкент вилояти ва мамлакатимизнинг истиқболли маҳсулотлари билан тўлиқ танишмоқда.  

– “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги 10 дан ортиқ корхоналар ярмаркада 300 турдан зиёд маҳсулотларини намойиш қилмоқда, – дейди ташкилот бўлим бошлиғи Абдуҳамид Саломов. – Хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан кооперация шартномаларини тузиш бўйича келишувлар бўлмоқда.  

– Корхонамиз 2023 йили иш фаолиятини бошлаган, – дейди Олмалиқ қуюв механика заводи раҳбари Ҳусайн Ширинов. – Ҳозирда 172 иш ўринлари яратдик. Бизда асосан оғир тоғ-кон саноати техникалари учун 40 турдан зиёд импорт ўрнини босадиган эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилади. Улар асосан ОКМК тизимидаги корхоналарга етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, Россия, Беларусь, Қозоғистон каби давлатлардаги ҳамкорларимиз билан маҳсулотларимизни экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланди. Бу ярмаркада ҳам фаолиятимизга қизиқувчилар кўпайган.  

– Заводимиз Оҳангарондаги саноат зонасида жойлашган, – дейди “Premier elektronikc” корхонаси масъул ходими Жаҳонгир Ҳожиабдуллаев. – Ишлаб чиқариш тармоқларимизда 2 минг нафардан зиёд иш ўрни яратилди. Асосан, совиткич, телевизор, музлаткич, чанг юткич ва кир ювувчи 10 хилдан ортиқ маиший техникалар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларимиз ички бозорда харидоргир. Барча мамлакатимизнинг ҳудудларда сервис хизматлар кўрсатувчи ва савдо дўконлари мавжуд. Тожикистон, Қозоғистон, Афғонистон, Қирғизи Республикаси каби давлатларга ҳам маҳсулот экспорти йўлга қўйилган. Бу галги саноат ярмаркасида ўз тақдимотларимизни қиляпмиз. Бунинг учун яратилган шароитлардан хурсандмиз.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ярмарка якуни бўйича жами 600 миллиард сўмга яқин шартномалар тузилиши кутилмоқда. Амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз саноатига ижобий таъсир этади.  

А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.

Манба


Сўнгги янгилаш санаси: 11.11.2024