Сифатли хизмат – мўл ҳосил гарови

// 19 9 2013 йил Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (52.22 KB)

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида фермер ва деҳқон хўжаликларига кўрсатилаётган агрокимёвий хизматларни янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси раисининг ўринбосари Х.Бекбергенов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида кимё саноати ҳам жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлади.

Айни пайтда “Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси корхоналарида турли минерал ўғитлар, сунъий тола, полимер материаллар, ноорганик моддалар, энергетика, олтин қазиб олиш ва енгил саноат учун резина-техника буюмлари, кимёвий реагентлар, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситалари, дефолиантлар, плёнка каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўнлаб турдаги бундай маҳсулотлар ички бозордан ташқари хорижга экспорт ҳам қилинмоқда.

“Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси тизимидаги Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар "Қишлоқхўжаликкимё" ҳудудий акциядорлик жамиятларининг туманлардаги филиаллари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга кенг кўламли агрокимё хизматлари кўрсатилаётгани, азот, калий, фосфор каби ўғитларнинг етарлича ва ўз вақтида етказиб берилиши самарасида ҳосилдорлик ортмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 23 январда қабул қилинган “Кимё саноати корхоналарини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалигига агрокимё хизмати кўрсатишни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлмоқда.

“Ўзкимёсаноат” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, жорий йилнинг саккиз ойида фермер хўжаликларига компост тайёрлаш, минерал ва органик ўғитларни далага етказиш, пахта, ғалла, такрорий экинларга сепиш, суспензия (минерал ўғитлар эритмаси) билан ишлов бериш, дефолиация тадбирлари учун кўрсатилган агрокимё хизматлари миқдори 22 миллиард сўмдан ошди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 4 миллиард сўм кўпдир.

Фермерлар ва аҳолига агрокимёвий хизматлар кўрсатиш билан бирга, уларнинг эҳтиёжларига яраша минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чоралари ҳам кўрилмоқда. Илгари четдан олиб келинган маҳсулотлар эндиликда мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда. “Навоийазот”, “Максам-Чирчиқ” ва “Фарғонаазот” очиқ акциядорлик жамиятларида азотли, “Аммофос-Максам”, “Самарқандкимё”, “Қўқон суперфосфат” корхоналарида фосфорли, Деҳқонобод калий ўғитлари заводида калий ўғитлари тайёрланмоқда. Бу қишлоқ хўжалиги соҳасининг ушбу қимматбаҳо ўғитларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш билан бирга, уларни экспорт қилиш имконини ҳам бермоқда.

Анжуманда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.

ЎзА, Сайёра Шоева, 18.09.2013