Ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда

// 12.03.2015 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (53.74 KB)

Қашқадарё вилоятидаги “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” унитар корхонасида кенг кўламли қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 

Президентимизнинг 2011 йил 17 ноябрдаги “Деҳқонобод калийли ўғит заводини ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш (II-босқич)” инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

– Мазкур қарор ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” бош муҳандиси Раҳмат Ўсаров. – Хусусан, ўтган йили Хитой компанияси билан ҳамкорликда қайта ишлаш мажмуасининг иккинчи навбати қурилиши тўлиқ ниҳоясига етказилди. Айни пайтда россиялик ҳамкорлар билан биргаликда йиллик руда қазиб чиқариш қуввати 1 миллион 400 минг тоннага тенг тоғ-кон мажмуаси ҳамда ташқи электр энергия таъминоти объектларини, оралиқ масофаси узунлиги (қарийб 30 километр) жиҳатидан дунёда ягона деб тан олинаётган осма канат йўлини қуриш давом эттирилмоқда. 

Ушбу ишлар амалга оширилгач, корхонада калийли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажми йилига 600 минг тонна, руда қазиб олиш эса 2 миллион 100 минг тоннага етади. Кўплаб янги иш ўринлари яратилади. 

Айни пайтда қайта ишлаш ва тоғ-кон мажмуаларига юқори малакали кадрлар ишга қабул қилинмоқда. Осма канат йўлига хизмат кўрсатувчи ходимларни танлов асосида ишга олиш режалаштирилган. 

“Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи”да 1 минг 800 дан зиёд ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Улар орасида касб-ҳунар коллежи битирувчилари ҳам кўпчиликни ташкил этади. 

– Деҳқонобод агросаноат коллежини тамомлаб, мана шундай замонавий корхонада ишлаётганимдан хурсандман, – дейди Олтибой Ўролов. – Ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг экспорт қилинаётгани қалбимда ифтихор туйғусини кучайтиради. 

Маълумотларга кўра, корхона маҳсулотлари Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Ироқ, Эрон, Қирғизистон, Туркманистон ва Туркия каби давлатларга сотилмоқда. Жорий йилда маҳсулот экспорти географиясини Шри-Ланка, Сингапур ва Африканинг айрим давлатлари ҳисобига кенгайтириш кўзда тутилган. 

Ўтган йили “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи”да маҳсулот ишлаб чиқариш 15,9 фоизга ўсди. Натижада экспортга йўналтирилган маҳсулот ҳажми 42,2 фоизга ошди. Эътиборлиси, тоғ-кон мажмуаси шахтасида руда қазиб чиқариш авваллари хорижлик мутахассислар кўмагида бажарилган бўлса, ўтган йилдан бу иш тўлиқ маҳаллий ходимлар томонидан ўзлаштирилди. Корхонада калийли ўғитлар ишлаб чиқариш жараёнида чиқадиган чиқинди қайта ишланиб, техник мақсадларда фойдаланиладиган туз олишга эришилди. Бу келгусида республикамиз иқтисодиёти корхоналарининг техник тузга бўлган талабини тўла қондириш имконини беради. 

Завод мутасаддиларининг таъкидлашича, жорий йилда 280 минг тоннадан ортиқ калийли ўғит ишлаб чиқариш ва унинг 208 минг тоннасини экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.

Ўлмас Баротов, ЎзА