25 январь Ўлмас Умарбеков таваллуд топган кун

Ўлмас Умарбеков 1934 йили Тошкентнинг Миробод маҳалласида туғилди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида таҳсил олди.

Республика радиоси Адабий-драматик эшиттиришлар Бош таҳририятида бош муҳаррир, «Ўзбекфилм» киностудиясида директор, Ўзбекистон Маданият вазири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, шу билан бирга Осиё ва Африка ёзувчилар бирдамлик қўмитасининг раиси лавозимларида хизмат қилди.
1989-1991 йилларда эса Республика Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари бўлиб ишлади.

У ўнлаб ҳикоялар, қиссалар, «Одам бўлиш қийин», «Фотима ва Зуҳра» номли романлар, «Қиёмат қарз», «Шошма қуёш», «Оқар сув», «Суд», «Комиссия», «Кузнинг биринчи куни», «Аризасига кўра», «Курорт», «Ер ёнганда» каби драматик асарлар яратди. Шунингдек, «Икки солдат ҳақида қисса», «Ўзгаларни деб», «Қалин қор бағридаги учрашув» каби кинофильм сценарийларини ёзди. «Одам бўлиш қийин» романи Ўзбекистон Ёшлар ташкилотининг мукофотига (1971), «Икки солдат қиссаси» фильми Республика Давлат мукофотига (1977) сазовор бўлди.

Ўлмас Умарбеков 1984 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби», 1992 йилда «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвонлари билан тақдирланди.

Ўлмас Умарбеков оғир хасталикдан сўнг, 1994 йил 10 ноябрда 60 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Вафотидан кейин «Фотима ва Зуҳра» романи нашр этилди ва Муқимий театрида саҳналаштирилди ҳамда роман асосида бадиий фильм яратилди. Тошкент шаҳри кўчаларидан бирига адиб номи берилди. Уч жилдлик «Танланган асарлар»и нашр этилди.