Ўзбек халқининг улуғ мутафаккири, маърифатпарвари ва буюк шоири Алишер Навоий ёшларни тарбиялаш ишига алоҳида эътибор берди. У болаларни илм-ҳунарни, меҳнатни севишга ундаб, ўрганилган илм ва ҳунарни халқ, ватан йўлида сарф қилиш зарурлигини уқтирди.
Алишер Навоий илм, маърифат ҳақида ажойиб фикрларни олға сурди. У ақл, илм инсоннинг энг гўзал ва зарурий фазилатларидан бири, ҳар бир кишининг энг муҳим бурчи илм олишдир, деб ҳисоблади. Навоийнинг фикрича, илм-фанни эгаллаш учун ёшликдан бошлаб астойдил ўқиш-ўрганиш керак: «Ёшлигингда йиғгил билимни, қаригач сарф қилғил ани», деган шоирнинг ўзи ҳам жуда ёшлигидан таълим олади, ўқишга берилади. У ёшлигиданоқ кўп шеърларни ёд билган. Жумладан, Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» («Қуш нутқи») асарини болалик чоғларидаёқ қайта-қайта ўқиб, ёд олган. Алишер Навоий кейинчалик мактаб ва маориф масалаларига катта аҳамият берди. У меҳнаткаш халқ болаларини ўқитиш ва тарбиялаш учун мактаблар очиш ва мадрасалар қуриш тўғрисида ғамхўрлик қилди. Алишер Навоий Астрободда сургунда юрганида подшо Ҳусайн Бойқарога ёзган хатида ўғил ва қиз болалар учун мактаблар очишни талаб қилгани, шахсан ўзи мадрасалар қуришда ташаббус кўрсатгани бунинг яққол далилидир. Навоийнинг фикрича, мактаб халққа нур келтиради, унга тўғри йўл кўрсатади, болаларни билимли қилади. У ўзининг «Ихлосия» мадрасаси ёнида мактаб очиб, болаларни ўқитиш ва тарбиялаш учун зарур шароит яратиб, бунинг учун лозим бўлган маблағ ажратади. Навоий дарс берувчини қуёшга ўхшатади ва бу қуёш ўз атрофидаги юлдузларга нур сочади, яъни ҳали илмдан бехабар бўлган толибларга илм нурини сочади, маърифат беради, дейди.
Алишер Навоий таълим-тарбия тўғрисидаги фикрларини кўпроқ баркамол инсонни ифодаловчи ижобий образлар яратиш орқали баён қилади. Илм-маърифат, ахлоқ-одоб масалаларига доир фикрларини эса илмий-фалсафий ва дидактик асарларида баён қилади. Навоий ақл кучига чексиз ишонади, комил ишонч билан илм-фаннинг фазилати жуда катта, деб ҳисоблайди.
Буюк сўз санъаткори ва мутафаккири ўзининг бир қанча асарларида болалар тарбиясига оид фикрларини айтиш билангина кифояланиб қолмасдан, балки «Ҳайрат ул-аброр», «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» каби достонларининг айрим бобларини шу масалага бағишлайди. «Ҳайрат ул-аброр» (Яхши кишиларнинг ҳайратланиши) фалсафий-таълимий достондир. Навоий бу асарида ўзининг фалсафий, ижтимоий-сиёсий ҳамда кишиларга таълим ва ўгит бериш масалаларига катта эътибор беради. Достонда золим ҳукмдорларни қоралаб, иккиюзламачи, риёкор руҳонийларнинг сир-асрорларини кескин фош этади. Хусусан, шоир сахийлик, одоб ва камтаринлик, ота-онага ҳурмат, ростгўйлик ва тўғрилик, илмнинг фойдаси ва камбағал ўқувчиларнинг бу йўлда чеккан азоблари ҳақида батафсил тўхталиб ўтади.
«Ҳайрат ул-аброр» асарининг бир неча боблари одоб-ахлоқ ва таълим-тарбия масаласига бағишланган. Навоий бу достоннинг олтинчи мақолотида одоб ва камтарликни улуғлаб, таълим-тарбияга доир қимматли фикр-мулоҳазаларини баён қилиш билан бирга, такаббур ва одобсиз кишиларни қаттиқ қоралайди. Шоир достоннинг бу мақолотида бола тарбияси, уни ўстириш, ўқитиш ва балоғатга етказиш ҳамда бу борада ота-оналарнинг вазифалари ҳақида батафсил фикр юритади. Шоир ёшларни ота-онанинг хизматини бажаришга, уларни ҳурмат қилишга, уларга нисбатан ҳамиша меҳр-муҳаббатли бўлишга чақиради, ота-онани ой ва қуёш деб таърифлайди:
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға…
Тун-кунунгга айлагали нурпош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш…