2024 йил давомида «Ўзкимёсаноат» АЖга жами 394 та (2023 йилда 510 та) ариза ва шикоятлар келиб тушган. Вилоятлар кесимида таҳлил қилинганида, Қорақалпоғистон Республикасидан 10 та, Бухоро вилоятидан 2 та, Жиззах вилоятидан 3 та, Қашқадарё вилоятидан 86 та, Навоий вилоятидан 124 та, Наманган вилоятидан 2 та, Самарқанд вилоятидан 9 та, Сурхандарё вилоятидан 2 та, Тошкент вилоятидан 108 та, Фарғона вилоятидан 6 та, Андижон вилоятидан 1 та, Хоразм вилоятидан 1 та, Тошкент шаҳридан 31 та, бошқа ҳудудлардан 9 та ариза ва шикоятлар келиб тушган бўлиб, улардан 64 таси коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари ҳақидаги мурожаатлардир.
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги аризалар таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг 21 таси алоқа каналлари орқали, 18 ёзма равишда, 25 таси жамиятнинг почта манзили орқали келиб тушган.
Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда 12 таси Қашқадарё вилояти, 22 таси Навоий вилояти, 30 таси Тошкент шаҳрида яшайдиган фуқаролардан келиб тушганлиги маълум бўлди.
Барча мурожаатлар тегишлилиги бўйича «Ўзкимёсаноат» АЖ Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси ҳамда тизим корхоналари Комплаенс хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилган.
Алоқа каналлари орқали келиб тушган мурожаатларни ўрганишлар натижасида 5 та ҳолатда тўпланган ҳужжатлар ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган, 2 та мурожаатда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари мавжудлиги ўз тасдиғини топганлиги муносабати билан фаолият юритаётган ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш чоралари кўрилган ва 14 та ҳолатда мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Мисол учун, фуқаро М.Ш. нинг аризаси асосида «Навоиязот» АЖ мансабдор шахси Ж.Ш. ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб у томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида расмийлаштирилган далолатномаларни корхона ходимларига босим ўтказиш орқали ўз манфаатлари йўлида қалбакилаштирганлиги ҳолати юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга юборилган.
Шунингдек, фуқаро М.М. ва М.С. ларнинг мурожаати асосида «Деҳқонобод калий заводи» АЖ Кадрлар бўлими бошлиғи У.Н. га нисбатан унинг манфаатлар тўқнашуви ҳолатини содир эганлиги, ўз фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйиб келганлиги юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, хизмат текшируви натижаси бўйича унга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилди.
Бундан ташқари, алоқа каналлари орқали келиб тушган маълумотлар асосида жорий йилнинг май ойида «Навоиязот» АЖга тегишли 45-сонли ваколатли ижара омборидаги мавжуд минерал ўғитлар қолдиғи саноқдан ўтказилиб ички ҳисоботлар таққосланганда жами 1,5 тонна (5,2 млрд сўмлик) минерал ўғитлар камомади аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди. Кўрилган чоралар натижасида ушбу
ваколатли ижара омбори томонидан жамият манфаатларига етказилиши мумкин бўлган моддий зарар тўлиқ миқдорда қопланилишига эришилди.
Юқорида таъкидлаб ўтилган коррупцион ва бошқа қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаб ва омиллари таҳлил қилиниб, мавжуд коррупцион хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирларнинг 2025 йил учун мўлжалланган режаси тасдиқланди. Шунингдек, келиб тушган мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган ҳолатларнинг салбий оқибатлари, корхона ва ташкилотлардаги мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласини кучайтириш мавзуларида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси раҳбарлигида жамият шахсий таркиби ва тармоқ корхоналари раҳбарлари иштирокида бир неча маротаба профилактик суҳбат ва семинар тадбирлари ўтказилган.
М.Асроров
Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси бошлиғи в.в.б.