“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раисининг коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича мурожаати

Ҳурматли ҳамкасблар, қадрли жамоатчилик ва азиз ҳамкорлар!
Бугун мен сизлар билан мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири - минерал ўғитлар саноатида коррупцияга қарши курашиш борасидаги қатъий позициямизни баён этиш учун мурожаат қилмоқчиман. Бу соҳадаги ҳар бир ҳаракатимиз нафақат «Ўзкимёсаноат»нинг, балки бутун Ўзбекистоннинг тараққиётига ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Республикасида коррупция иллатига қарши курашиш умумдавлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, 2025 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган мажлисда коррупцияни бартараф этиш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар танқидий таҳлил қилинди.
Мажлисда Давлат раҳбари: “Ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов - бу коррупциядир. Буни дунё тажрибаси ҳам тўлиқ тасдиқлайди. Коррупция оқибатида жаҳон иқтисодиёти йилига 3 триллион доллар зарар кўраётгани - бу глобал хавф эканидан далолат. Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга бўлган ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизликка жиддий таҳдид солади”, - деб таъкидладилар.
Жамиятда коррупция муаммосини жамоат муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим ва муҳит яратилгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани таъкидланди.
Йиғилишда, шунингдек, ҳозирги қонунчиликда коррупциявий жиноятларнинг аниқ рўйхати йўқлигига эътибор қаратилди. Парламент томонидан тасдиқланган қонунда, асосан, жазони кучайтириш билан чекланиб қолингани, коррупциянинг олдини олиш, фуқароларни тоқатсизлик руҳида тарбиялаш, профилактика механизмларини яратиш ҳамда жиноятни фош этишга кўмаклашганларни рағбатлантириш масалалари етарлича ёритилмагани қайд этилди.
Йиғилиш натижаларига кўра, барча вазирликлар, қўмита ва агентликлар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ҳамда хўжалик субъектлари раҳбарларининг ўз соҳаларида коррупцияга қарши самарали курашиш ва манфаатлар тўқнашувини олдини олиш борасидаги масъулияти янада оширилди.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантиришда минерал ўғитлар ишлаб чиқаришнинг ўрни беқиёс. Бу маҳсулотлар юртимиз ерларининг серҳосил бўлиши, озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши ва экспорт салоҳиятининг ошиши учун асосий омил ҳисобланади. Шу боис, минерал ўғитларни ишлаб чиқариш, уларни ташқи бозорларга экспорт қилиш ва зарурат бўлганда, импорт жараёнларини ҳам тўғри ташкил этиш — мамлакатимиз иқтисодий барқарорлиги ва ривожланишининг асосий устунларидан биридир.
Бу муҳим соҳада коррупцияга йўл қўйиш - нафақат бизнесга зарар етказиш, балки мамлакатимиз обрўсини тушириш, инвесторлар ишончини сусайтириш ва иқтисодий эркинликларимизни чеклашга олиб келади. Шу боис, барча соҳаларда, айниқса минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва савдоси йўналишида шаффофлик ва қонунийлик тамойилларига қатъий амал қилишимиз зарур.
«Ўзкимёсаноат» АЖ бу йўналишдаги давлат сиёсатини тўлақонли қўллаб-қувватлайди. Биз давлат органлари, жамоатчилик ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда коррупцияга қарши курашишга доимий эътибор қаратамиз. Фаолиятимизда электрон тижорат платформалари ва мониторинг тизимлари жорий этилмоқда, ҳар бир операциянинг очиқ ва шаффоф амалга оширилиши таъминланмоқда.
Сифатга эътибор қаратиш - коррупцияга қарши курашишнинг муҳим йўналишларидан биридир. Зеро, паст сифатли ёки қалбаки маҳсулотлар нафақат иқтисодий йўқотишларга, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади. Шу боис, ҳар бир маҳсулотни ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт жараёнларида давлат стандартлари ва халқаро талабларга қатъий риоя этиш барча масъуллар учун олий мақсад ҳисобланади.
Биз ишлаб чиқараётган минерал ўғитлар нафақат мамлакатимизда, балки жаҳон бозорида ҳам юқори баҳоланмоқда. Бу эса халқаро стандартлар ва шаффоф экспорт-импорт сиёсатини талаб этади. «Ўзкимёсаноат» АЖ коррупцияга қарши курашиш сиёсати орқали халқаро ҳамкорларимиз билан ишончли ва мустаҳкам муносабатлар ўрнатишга интилади. Бу юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширади.
Қадрли ҳамкасблар!
Коррупцияга қарши кураш - фақат давлат органлари ёки ширкат раҳбарларининг вазифаси эмас. Бу - жамоатчилик, ҳар бир ходим ва барча шерикларимизнинг фаол иштирокини талаб қиладиган катта жамоавий ҳаракатдир. Биз коррупцияни бартараф этишда ҳар бир шахснинг фаол позицияси ва шахсий масъулиятига ишонамиз.
Шу боис, «Ўзкимёсаноат» АЖ ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик қилади. Биз ҳар қандай шубҳали ҳолатларни тезда аниқлаш ва тегишли чоралар кўришга доимо тайёрмиз.
Жорий йилда жорий этилаётган янги технологиялар ва электрон мониторинг тизимлари орқали минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, экспорт ва импорт жараёнлари доимий назоратда бўлади. Бу тизимлар орқали ҳар бир операция шаффоф ва қонуний амалга оширилади, коррупция хавфлари эса минимал даражага туширилади. Шу тарзда биз нафақат компаниямизнинг фаолиятини яхшилаймиз, балки бутун тармоққа намуна бўламиз.
Ҳурматли ҳамкасблар! 
Коррупцияга қарши кураш - бу фақат қонунга риоя қилиш эмас, балки ҳар биримиз учун юклатилган олий бурчимиздир. Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ва савдоси соҳасида адолат ва шаффофликни таъминлаш орқали биз нафақат компаниямиз, балки мамлакатимиз фаровонлигига хизмат қиламиз.
Биз бунда бирдаммиз, бизда ирода бор, бизда мақсад бор. «Ўзкимёсаноат» - ривожланиш ва адолат маркази!
Келинг, биргаликда коррупцияга қарши қатъий туриб, ишончли, барқарор ва тараққий этган саноатни барпо этайлик. Ёш авлодимизга обрўли ва мўътабар мерос қолдирайлик
Ҳурмат билан,
 “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раиси
Темиров Одил Шукурович


Сўнгги янгилаш санаси: 25.06.2025