“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси мурожаати

Ҳурматли ҳамкасблар ва ҳамкорлар!

Ҳозирги кунда муваффақиятли бизнеснинг калити унинг шаффофлиги, ҳалоллиги бўлиб, бу ходимлар, ҳамкорлар ва жамият назаридаги барқарор обрўсидир. “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳар доим ўзининг барча мажбуриятларини садоқат билан бажаради, қонунчиликка қатъий амал қилади, тенг рақобат тамойилларига амал қилади ва ҳалоллик, очиқлик ва корпоратив маданиятини қуришга катта эътибор беради.

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегияси ва мамлакатимизнинг глобал барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги мажбуриятлари, шунингдек, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йили Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракат режасига қўшилиши – коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини яратиб, ҳозирги кунда мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Tашкилоти тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда коррупцияга самарали, ҳисобдор ва ошкора бошқарув институтлари орқали қарши курашиш” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ мазкур лойиҳани амалга оширувчи дастлабки ташкилотлардан бири бўлиш шарафига муяссар бўлди. Биз зиммамизга юкланган масъулиятни яхши англаймиз ва ўз навбатида, коррупцияга қарши курашни назорат қилиш тизимини самарали амалга ошириш учун бор кучимизни ишга соламиз.

“Ўзкимёсаноат” АЖ коррупцион ҳаракатларнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларини рад этади, жамиятда коррупцияга нисбатан кескин муросасизлик шаклланишини таъминлайди. “Ўзкимёсаноат” АЖ коррупцияга қарши курашишга қаратилган ички меъёрий ҳужжатлар ва тартиб-қоидалар, жумладан, коррупцияга қарши курашиш режаси, Ахлоқ кодекси, коррупцияга қарши, манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати бўйича ва бошқа меъёрий ҳужжатларни қабул қилди. Шунингдек, жамиятда Комплаенс хизмати ташкил этилди. Комплаенс хизматининг асосий вазифаси тизимда коррупция ҳолатларининг юзага келиш сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини ишлаб чиқиш, ишчи-ходимлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, коррупция хавфи мавжуд бўлган ҳолларда маслаҳат бериш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.

Корхоналаримизда коррупцияга қарши тизимни яратиш мураккаб жараён, бироқ муҳим ва зарурдир. Ҳар биримиз бу ишда нафақат мамлакатимизда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига онгли равишда риоя қиламиз, балки бу ишга инсонийлик бурчимиз сифатида қараймиз – ўзимиз ва жамиятимиз ривожи учун амалга оширамиз. Пировардида, фарзандларимиз ва Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари фахрланадиган қонун ҳужжатлари устувор бўлган мамлакатда яшаймиз!

“Ўзкимёсаноат” АЖ коррупцияга қарши талаблар ва ахлоқий меъёрларга асосланган вазифалар ва бошқарув қарорларининг тўғри бажарилишини кафолатлайди. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамкасбларимиз, ҳамкорларимиз ва юртдошларимизни иш юритиш стандартларига, коррупцияга қарши тамойилларга оғишмай риоя қилишга, ҳар қандай эҳтимолий қонунбузарликлар ҳақида хабар беришга ва агар шубҳа туғилса, саволлар билан мурожаат қилишга яна бир бор чорлаймиз. 

“Ўзкимёсаноат” АЖ коррупцияга қарши талаблар ва ахлоқий меъёрларни ҳисобга олган ҳолда ўз зиммасига олган мажбуриятларни виждонан бажаради, қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилади, тенг рақобат тамойилларига амал қилади, ҳалоллик, очиқлик ва виждонлиликнинг корпоратив маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратади.

Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг умумий ишимиз ва маслагимизга айланмоғи даркор. Бу ишда барчангизни ҳамжиҳатликка чақираман.

Ҳурмат билан, “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси


Сўнгги янгилаш санаси: 20.06.2023