«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси в.б Тимур Мухамеджанов коррупцияга қарши курашиш ва бу иллатнинг олдини олиш юзасидан марказий аппарат ходимлари ҳамда тизим корхоналари раҳбар ва ишчиларига мурожаат йўллади

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси в.б Тимур Мухамеджановнинг коррупцияга қарши курашиш ва бу иллатнинг олдини олиш юзасидан марказий аппарат ходимлари ҳамда тизим корхоналари раҳбар ва ишчиларига мурожаати йўлланди. Мурожаат видеоконференсалоқа тарзида трансляция қилинди ва тизимда фаолият юритаётган барча раҳбар ва ходимлар онлайн равишда кузатиб боришди.

Мурожаат матни қуйида тақдим этилади:

Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупсиоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилганлиги сабабли жорий йилда «Transparency International» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2022 йил якунлари бўйича эълон қилинган Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз ўз ўрнини 14 поғона яхшилаб, 126-ўринни эгаллади, сўнгги беш йилда эса 32 поғона юқорилади.

Мазкур индексдаги кўрсаткичларимизнинг яхшиланишига мамлакатимизда коррупцияга қарши превентив механизмларни қўллаш устуворлик касб этаётганлиги, коррупцияга қарши курашиш ва давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашга қаратилган аниқ чораларни белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та Фармони ва 2 та қарори имзоланганлиги, шунингдек, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш мақсадида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари такомиллаштирилганлиги асосий омиллар ҳисобланмоқда.

Давлат раҳбарининг тегишли қарор ва фармонлари билан белгиланган топшириқларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш ҳамда Жамият тизимида коррупцияга қарши курашиш механизмини такомиллаштириш мақсадида Жамият тузилмасида Коррупцияга қарши курашиш ва комплаенс бошқармаси ташкил этилиб, коррупцияга қарши курашишга оид ички меъёрий ҳужжатлар ва тартиб-қоидалар ишлаб чиқилди.

Жумладан, «Коррупцияга қарши курашиш сиёсати», «Манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низом», «Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш услубиёти», «Одоб-ахлоқ қоидалари» ва бошқа шу каби 10 га яқин ички идоравий ҳужжатлар қабул қилинди.

Тизимда коррупцияга қарши курашиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилиб келинишига қарамасдан, афсуски, «Ўзкимёсаноат» АЖ тармоқ корхоналари томонидан турли коррупцион жиноятлар, корхона маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари, манфаатлар тўқнашуви ҳамда мансаб ваколатидан четга чиқиш каби ноқонуний харакатлар содир этилаётганлигини кўришимиз мумкин.

Хусусан, 2022 йил давомида корхона ҳамда давлат мулкини ўзлаштириш ва коррупцион жиноятлар бўйича жами 28 нафар ходимлар жиноий жавобгарликка тортилган, 25 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 100 дан ортиқ масъул ходимларга турли интизомий жазолар қўлланилган. Шунингдек, 57 та  ҳолатда манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.

Бундан ташқари, давлат харидларини амалга ошириш жараёнида тизим корхоналари масъул ходимлари ва харид иштирокчилари ўртасида ўзаро тил бириктириш ҳамда рақобат муҳитини чеклашга бўлган уринишлар аниқланиб, 30 млрд. сўмга яқин ноқонуний шартномалар тузилишининг олди олинган.

Юқоридаги каби ноқонуний харакатлар натижасида тизимга жами 28,3 млрд. сўм зарар етказилганлиги тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, келгусида «Ўзкимёсаноат» АЖ ва тизим корхоналарида ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, коррупцион жиноятлар ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини келиб чиқишига сабаб бўлган омилларни бартараф этиш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга оширишимиз ҳамда бунда барча раҳбар ходимлар шахсий ўрнак бўлишимиз зарур деб ҳисоблайман. Хусусан:

1.  Тизимда коррупцияга қарши курашишга оид қабул қилинган ички меъёрий ҳужжатлар талабларига қатъий амал қилиш.

2.  Коррупцион хавф-хатар юқори бўлган лавозим ва функцияларда фаолият юритаётган раҳбар ва бошқарув ходимларни режали тартибда ротация қилиш чораларини кўриш.

3. Ваколатли ижара омборларида сақланаётган тайёр маҳсулотларни тизимли равишда инвентаризациядан ўтказиш, аниқланган салбий ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриш.

4. Амалга оширилаётган харид жараёнларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонун ва қонуности ҳужжатларига қатъий амал қилиш. Харид иштирокчилари орасида ноҳалол контрагентлар реестрини шакллантириш.

5. Жамият тизим корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни маркировкалаш бўйича олиб борилаётган ишларни жорий йил якунига қадар сифатли якунига етказиш чораларини кўриш.

6. Корхоналарда маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш жараёнларини рақамлаштиришга оид ишларни жадаллаштириш.

7. Жамият ва тизим корхоналари ходимларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий онгини ошириш юзасидан семинар, тренинг ва давра суҳбатлари ўтказиб бориш.

8. Комплаенс назорат тизими ходимлари томонидан коррупцияга қарши привентив чораларни кўришга оид ишларни жадаллаштириш, аниқланган салбий ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини бартараф этиш чораларини кўриш.

Корхоналаримизда коррупцияга қарши самарали тизимни яратиш мураккаб жараён, бироқ бу муҳим ва зарур. Ҳар биримиз бу ишда нафақат мамлакатимизда қабул қилинган қонунчилик ҳужжатларига онгли равишда риоя қилишимиз, балки бу ишга инсонийлик бурчимиз сифатида қарашимиз лозим.

Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига «йўқ» деб айта олишимиз, қолаверса ўзимизда коррупцияга қарши иммунитетни шакллантиришимиз зарур. Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг умумий ишимиз ва вазифамизга айланмоғи даркор.

Мурожаат якунида тизимда коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш, бу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати


Сўнгги янгилаш санаси: 20.06.2023