Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича асосий вазифалар белгиланди

// 10.01.2019 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (43.17 KB)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 8 январь куни жорий йилги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ҳукумат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Фаол инвестиция сиёсати барқарор иқтисодий тараққиётга эришишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Шу боис давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2019 йил мамлакатимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, деб эълон қилинди.

2019 йилги Инвестиция дастурига 16,6 миллиард долларлик 3 мингдан зиёд лойиҳа киритилган. Бу 2018 йилга нисбатан 16 фоиз кўпдир. Жумладан, жорий йилги Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 3,2 миллиард доллар бўлган 140 та ишлаб чиқариш қувватини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Видеоселектор йиғилишида ушбу йирик ва муҳим лойиҳаларни ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, хорижий давлатлар ва инвесторлар билан фаол иш олиб борилаётгани натижасида жами инвестицияларнинг 25 фоизини тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ташкил этмоқда. Хусусан, жорий йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги 320 та лойиҳа доирасида 4,2 миллиард доллар ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Президент тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни сўзсиз амалга ошириш, чет эллик инвесторларга ҳар томонлама ёрдам бериш ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси бўлиши кераклигини таъкидлади. Инвестицияларнинг асосий қисмини ўзлаштиришни йилнинг охирги ойларига суриш амалиётига чек қўйиб, барча тармоқлар ва ҳудудларда буни биринчи ярим йилликда камида 35 фоизга, тўққиз ойликда 70 фоизга етказиш зарурлиги қайд этилди.

Бу борадаги вазифалар Вазирлар Маҳкамаси комплекслари бўйича таҳлил қилинди. Хорижий инвестициялар улуши ўтган йилгига нисбатан камайган соҳа ва тармоқлар кўрсатиб ўтилди. Йил охирига қадар қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, уларни тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга талаб юқори бўлган соҳа ва ҳудудларга йўналтириш, ушбу ресурсларнинг ўзлаштирилишини назоратга олиш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу борадаги ишлар натижасида ўтган йили 1 миллиард доллардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилган, 133 та янги корхона ишга туширилган. Бироқ ҳокимлар ва уларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари ишни ташкил этишда камчиликларга йўл қўйгани оқибатида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё вилоятларида айрим объектлар фойдаланишга топширилмай қолган.

Давлатимиз раҳбари бундай лойиҳаларда юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқиш ва ижросини назоратга олиш юзасидан топшириқ берди.

Жорий йилда тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокида 209 та ҳудудий лойиҳа амалга оширилиб, 1,9 миллиард доллар ёки ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўп маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган. Йиғилишда шу ва мамлакатимиз элчилари кўмагида шакллантирилган қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар бир ҳудудга республика идоралари раҳбарлари масъул этиб бириктирилди.

Эндиликда ҳудудлар ва тармоқларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳалар кўламини кенгайтириш, уларни амалга оширишда қатъий назорат механизмини ўрнатиш учун янги тизим ташкил этилиши маълум қилинди. Унга мувофиқ:

биринчи – вилоят ҳокимлари ҳар ҳафтада биттадан туман ёки шаҳарга бориб, элчилар билан алоқа ўрнатган ҳолда, у ерга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш чораларини кўради. Худди шундай тармоқ раҳбарлари ҳам ҳар ҳафтада битта вилоятга бориб, ўша жойдаги корхоналари билан бирга амалдаги лойиҳаларни бажаришни жадаллаштириш ва қўшимча инвестиция лойиҳалари бўйича ишни ташкил этади. Зарур ҳолларда маҳаллий раҳбарлар ва тадбиркорларга инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишни ўргатади. Бош вазир ва унинг ўринбосари элчилар иштирокида ҳудудлар ва тармоқларга жалб қилинган хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳолатини мунтазам муҳокама қилиб боради. Натижаларига қараб, ҳокимлар ва тармоқлар раҳбарлари рағбатлантирилади ёки уларга нисбатан иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланади.

Ҳудудларга бириктирилган республика идоралари раҳбарлари вилоят ҳокимлари ва элчилар билан биргаликда ҳар бир туман (шаҳар)да тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳолатини ўрганиб, уларнинг ижросини жадаллаштириш бўйича аниқ чоралар кўради. Шунингдек, қўшимча лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва хорижий инвесторларни жалб қилади.

Иккинчи – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳудудлар ва тармоқларнинг инвестиция лойиҳалари бўйича таклифларини умумлаштириб, самарадорлигини баҳолайди ва ягона электрон “онлайн” базани шакллантиради.

Учинчи – Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ҳудудларга бириктирилган элчилар ягона электрон базага киритилган лойиҳаларга хорижий инвесторларни жалб қилади.

Тўртинчи – Вазирлар Маҳкамаси саралаб олинган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторлар билан тегишли келишувларни расмийлаштириш чораларини кўради ва ижросини назоратга олиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлайди.

Шавкат Мирзиёев янги лойиҳаларга инвесторларни жалб қилишни янада фаоллаштириш учун ҳар йили барча ҳудудларда камида бир марта хорижий сармоядорлар иштирокида инвестиция форумлари ўтказиш, шунингдек, хориждаги йирик халқаро инвестиция форумларида юртимиз тадбиркорлари иштирокини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлигига жорий йилда ҳудудларда ташкил этиладиган инвестиция форумлари режа-жадвалларини шакллантириш бўйича кўрсатмалар берди.

– Энг муҳими, инвестиция лойиҳаларини тўғри жойлаштириш керак. Бу борада инвесторларнинг ягона талаби – лойиҳа мўлжалланган жой зарур инфратузилма тармоқларига эга бўлишидир. Шунинг учун яқинда урбанизация жараёнини такомиллаштириш бўйича Президент қарорини қабул қилдик. Бундан асосий мақсад – инфратузилма мавжуд ва ривожланиши қулай бўлган жойларга инвесторлар жалб қилинса, саноатнинг тизимли ривожланишига эриша оламиз. Саноат бор жойда иш ўринлари ва даромад бўлади, уй-жойлар, ижтимоий объектлар, шаҳарчалар барпо этилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Видеоселектор йиғилишида яна бир муҳим масала – хорижий инвесторлар лойиҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масаласи муҳокама қилинди. Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Жорий йилда тижорат банклари хорижий банкларнинг жами 740 миллион доллар тўғридан-тўғри кредитларини жалб қилиши белгиланган. Йиғилишда узоқ муддатли, паст фоизли тўғридан-тўғри хорижий кредит ресурсларини жалб қилиш ишларини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокида ишончли лойиҳалар портфелини шакллантириб бориш тизимини яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Жорий йилда 84 та лойиҳа доирасида халқаро молия институтлари ва донорларнинг 2,7 миллиард доллар маблағини ўзлаштириш кўзда тутилган. Йиғилишда бу лойиҳалар Вазирлар Маҳкамаси комплекслари кесимида таҳлил қилиниб, уларни ўз муддатида ва сифатли амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Бундан ташқари, 2 минг 800 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектини қуриш ва таъмирлаш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари халқимизнинг ҳаёт сифатига дахлдор бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, соғлиқни сақлаш объектлари, йўллар, ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича белгиланган ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Видеоселектор йиғилишида Инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар ижросини ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чоралар ҳақида ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва вилоят ҳокимларининг ҳисоботлари тингланди.

Манба: ЎзА