«Қўнғирот сода заводи» МЧЖ қўшма корхонасига ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкиллаштирилди

// 22.06.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (2.03 MB)

Жорий йилнинг 22 июнь санасида Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ қўшма корхонасига ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкиллаштирилди. Унда пресс-тур иштирокчилари завод фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари, янги лойиҳалар, ишчиларга яратилаётган шароитлар ва «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишишди.

Марказий Осиёда ягона ҳисобланган «Қўнғирот сода заводи» 2006 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани Устюрт текислигида қурилиб ишга туширилган. Заводни қуришдан мақсад маҳаллий хом ашёни комплекс қайта ишлашга жалб қилиш ва бу орқали импорт ўрнини босадиган кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, халқ хўжалиги тармоқларининг калсинацияланган содага бўлган эҳтиёжларини қондириш ҳисобланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 16 ноябрдаги ПҚ-1853-сонли қарори асосида Қўнғирот сода заводининг калсинацияланган сода ишлаб чиқариш қувватини йилига 100 минг тоннадан 200 минг тоннага етказиш лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа бўйича Жамансой оҳак тоши карери қувватини йилига 240 минг тоннадан  400 минг тоннага, Барсакелмес туз кони қуввати йилига 330 минг тоннадан 470 минг тоннагача кенгайтирилди.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида қўшимча 400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, жами 1800 га яқин фуқаро иш билан таъминланишига эришилди. Корхона ходимларининг иш вақтидан унумли фойдаланиш учун 2021 йил июль ойидан бошлаб барча ходимларга 3 сменада бепул иссиқ овқат билан таминлаш йўлга қўйилган.

«Қўнғирот сода заводи» МЧЖ қўшма корхонасида калсинацияланган сода ишлаб чиқариш жараёни анъанавий Солве услубида амалга оширилади. Жараённинг ўзига хос фарқи оҳак тошни кокс ёки кўмир билан эмас, балки табиий газ билан куйдириш ҳисобланади.

Технологик объектларни қуриш Хитойнинг «CИТИC» компанияси билан биргаликда амалга оширилди. 2016 йилнинг август ойида лойиҳа бўйича қурилиш ишлари якунланиб, Қўнғирот сода заводининг калсинацияланган сода ишлаб чиқариш қувати йилига 200 минг тоннага етказилди.

Завод ишлаб чиқариш қуввати оширилганидан кейин, охирги беш йил ичида 1 млн тоннадан ортиқ калсинацияланган сода маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, шундан 300 минг тоннадан ортиғи экспортга ва 700 минг тонна маҳсулот ички бозорга сотилишига эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 февралдаги ПҚ-4992-сон қарори ижроси доирасида «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ қўшма корхонаси «Уз-Кор Газ Чемиcал» МЧЖ ҚК  билан ҳамкорликда йилига 20,6 минг куб.метр атмосферани ифлослантирувчи карбонат ангидрид (98-99%) ташлама газларини қайта ишлаш лойиҳасини  ишга туширди. Мазкур лойиҳа корхона ишлаб чиқариш қувватини янада ошириб, йилига қўшимча 10 минг тоннага яқин калсинацияланган сода ишлаб чиқариш имкониятини яратди. Шунингдек, лойиҳани ишга тушириш натижасида технологик жараёнлардаги карбонат ангидрид гази миқдори 40 фоизгача етказилиб, мазкур омил технологик жараёнларнинг яхшиланиши, асосий ускуналарнинг барқарор ишлашини таъминлашга ҳамда хом ашёлар сарфининг камайишига имкон яратади.

2021 йил 7 декабрь куни ош тузи ишлаб чиқариш цехи қайтадан ишга туширилди. Ош тузи ишлаб чиқариш цехи қайта ишга тушиши натижасида 12 нафар кишини иш билан таъминлашга, ойига 850 тоннагача тозаланган майдаланган ош тузи ишлаб чиқариш ва харидорларга етқазиб беришга эришилди.

ОАВ вакиллари учун «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ ҚКда ўтказилган пресс-тур доирасида «Саҳродаги Лувр» номи билан машҳур бўлган Нукус шаҳридаги Савитский музейига ҳам саёҳат уюштирилди.

 «Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати