“Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги коррупциявий хавф-хатарлар минималлаштирилмоқда

// 14.01.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (54.72 KB)

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида ташкил этилган ишлар ва ахборот каналлари орқали келган маълумотлар таҳлили натижасида ташкилот тизимида коррупциявий хавф-хатарлар қуйидаги 4 та йўналишда қайд этилаётганлигини кузатиш мумкин:

  1. Фуқароларни ишга олиш ва меҳнат муносабатларида манфаатлар тўқнашувида.
  2. Харидларни ташкил этиш соҳасида.
  3. Корхона омборхоналаридаги товар-моддий бойликларини ва тайёр маҳсулотларни сақлаш соҳасида.
  4. Логистика-транспорт воситаларини техник эксплуатацияси соҳасида.

Мазкур коррупцион хавф-хатарларни минималлаштириш, олдини олиш ва чек қўйиш мақсадида 2022 йилда мазкур соҳада амалга ошириладиган ишлар бўйича дастур ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга, “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида 2021 йилда аниқланган хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:

1. Фуқароларни ишга олиш жараёнини янада тартибга солиш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тизим корхоналарига ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш бўйича йўриқнома”, “Ўзкимёсаноат” АЖда ходимларни танлаб олиш ва таҳлил қилиш тўғрисида Низом”, “Ўзкимёсаноат” АЖ ижро аппарати ходимлари заҳирасини шакллантириш бўйича йўриқнома”, “Ўзкимёсаноат” АЖ ижро аппарати ходимларини ротация қилиш тартиби” тўғрисида ички меъёрий ҳужжатлар жамиятнинг 2021 йил 21 октябрдаги 129-сон буйруғи билан қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сон қарори талабларига мувофиқ ишга қабул қилиш жараёнини очиқ танлов асосида амалга ошириш мақсадида малакаларни баҳолаш бўйича электрон дастури ишлаб чиқилди ва унга 3800 га яқин саволлар жойлаштирилди. Шунингдек, ўтказиладиган синов тадбирларини интернет орқали реал вақт режимида кузатишни таъминлаш учун алоҳида хоналар жиҳозланди.

Меҳнат муносабатларида қонун бузилиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида жами 26 та хизмат суриштируви ўтказилган. Натижалари бўйича тегишли хулосалар таёрланган ва айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

2. Харидларни ташкил этишда инсон омилини камайтириш мақсадида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер харид қилиш тартиб-таомиллари тўлиқ электрон шаклга ўтказилди.

Шу билан бирга “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув аппаратининг энг яхши таклифларни танлаб олиш ва тендер харид қилиш тартиб-таомилларини баҳолаш мезонлари белгилаб олинди.

Бундан ташқари, “Ўзкимёсаноат” АЖда тузилаётган шартномаларни келишиш, имзолаш ва ижро этиш сиёсати”, “Ўзкимёсаноат” АЖда контрагентларни текшириш бўйича қўлланма” ва “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” талабларини жамият ходимларига тушунтириш мақсадида семинарлар ўтказилди.

3. Корхона омборхоналаридаги товар-моддий бойликлари ва тайёр маҳсулотларининг аниқланган камомади бўйича 7 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилган.

Мазкур ҳолатнинг олдини олиш ва бу жараёнда “инсон омилини” камайтириш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналарида молиявий, хўжалик ва ташкилий жараёнларни автоматлаштириш тизимини ва тармоқ корхоналари ресурсларини бошқариш тизимини жорий қилиш мақсадида “SAP” компаниясининг (ГФР) “ERP” тизими асос қилиб олинмоқда. Ушбу мақсадда олиб борилган музокаралар натижасида “САП СНГ” МЧЖ билан келишув меморандуми имзоланди.

Германияда имзоланган меморандум доирасида лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси қошида рақамли трансформация бўлими очилди. Кимё саноати корхоналарида ишлаб чиқариш ва бизнес жараёнларини автоматлаштириш бўйича ўрганишлар ишлари бошланди ва лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида тайёр маҳсулотни маркировка қилиш автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича техник вазифа ишлаб чиқилди. Мазкур техник вазифа Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Киберхавфсизлик маркази” ДУКдан ижобий экспертиза хулосалари олинди. 2021 йилнинг 16 ноябрида мазкур ахборот тизимини жорий қилиш бўйича конкурс эълон қилинди ва интеграторлардан ёпиқ конвертларда таклифлар қабул қилинди ва ҳозирги кунда берилган таклифлар ўрганилмоқда.

4. Тармоқ корхоналарида транспорт воситаларини техник эксплуатацияси жарёнида ёқилғи-мойлаш материаллари талон-тарожининг олдини олиш мақсадида мазкур корхоналарнинг енгил автомобиллари, юк автомобиллари ва тепловозларига 337 та геолокация ва ёнилғи сарфини аниқлаш ускуналари (GPS) ўрнатилди. Натижада ҳозирги кунда “Навоийазот” АЖ, “Фарғонаазот” АЖ, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ва “Ўзкимёимпэкс” МЧЖларда 100%, “Максам-Чирчиқ” АЖ ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖларнинг 70%  ҳамда “Аммофос-Максам” АЖ 10% техника воситаларига замонавий қурилмалар ўрнатилди.

Жамият ва тизимдаги корхоналарда аниқланган коррупцион хавф-хатарларни инобатга олган ҳолда, уларнинг олдини олиш ва чек қўйиш, оқибатларини, шунингдек, ушбу иллатларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва бугунги кунда мазкур соҳаларга IT технологияларини қўллаш ишлари амалга ошилмоқда.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишларни доимий равишда оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиб борилиши ташкил этилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати