«Ўзкимёсаноат» ҳамда «Навоийазот» акциядорлик жамиятларининг РАСМИЙ БАЁНОТИ

// 05.09.2022 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (147.75 KB)

ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда “Зарафшон дарёсида яна балиқлар нобуд бўлди, бунга «Навоийазот» ва «Навоий ИЭС» корхоналарининг дарёга ташлайдиган оқова сувлари сабаб бўлиши мумкин” мазмунидаги маълумотлар кенг тарқалмоқда. Ҳолат юзасидан «Ўзкимёсаноат» ҳамда «Навоийазот» АЖлар қуйидагиларни маълум қилади.

«Навоийазот» АЖ оқова сувлари икки гуруҳга ажратилиши ҳақида кўп бор маълум қилинган. Булар таркиби зарарли бўлган ишлаб чиқариш оқова суви (промышленная канализация) ҳамда тоза ҳисобланадиган ёмғир ва  совитувчи сув тизимларидан ташланадиган сувлардир (промливневая канализация).

«Навоийазот» АЖда ишлаб чиқаришда ҳосил бўлган зарарли оқова сувлар алоҳида Биокимёвий тозалаш иншоотига юборилади ва у ерда талаб даражасида экологик тозаланиб, биоҳавзаларга ташланади. Иккинчи турдаги зарарли ишлаб чиқариш оқова сувлари шлам йиғувчи ҳавзада йиғилиб қуритилади ҳамда шламлари утилизацияга юборилади. Мазкур иккала жараён ҳам корхонада жиддий назоратга олинган бўлиб, ҳозирги кунда ҳам узлуксиз фаолияти таъминланган.

«Навоийазот» АЖ ўз иш фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари, фармонлари ҳамда барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда, корхонанинг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш бўйича мунтазам равишда тизимли ва мақсадли ишларни олиб боради. Шу билан бирга, «Навоийазот» АЖдан атмосферага тарқайдиган чиқиндилар ва оқава сув чиқиндилари корхонанинг экологик таҳлил (санитария) лабораторияси томонидан доимий назоратга олинган. Корхона жойлашган ҳудуд экологиясига таъсирни камайтириш мақсадида «Навоийазот» АЖда атмосфера ва сув омборларига чиқиндиларнинг чиқарилиши, энг муҳими, уларнинг ҳосил бўлишини камайтириш, шунингдек, хомашё ҳамда энергия ресурсларини тежаш мақсадида жорий йилнинг ўзида 2 млрд. сўмдан ортиқ қийматдаги чора-тадбирлар амалга оширилган.

Бугунги кунда ташланаётган оқова сувларнинг таркибида аммоний бирикмалари аввалги йиллардаги каби кўрсаткичда ва бу Зарафшон дарёсидаги балиқларнинг қирилиб кетишига сабаб бўладиган даражада эмас. Чунки аммоний бирикмалари бир неча йиллардан бери юқори динамикани ташкил қилиб келган, лекин бу ҳолат дарёдаги балиқларга салбий таъсир кўрсатмаган.

Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Зарафшон дарёсида содир бўлган, балиқларнинг нобуд бўлиши билан боғлиқ воқеадан сўнг дарҳол корхонанинг экологик таҳлил (санитария) лабораторияси томонидан дарё суви ва оқова сувлардан намуналар олиниб, лаборатория таҳлиллари ўтказилган бўлиб, улар қуйидаги натижаларни кўрсатди:

 

Таҳлил жойи

Ўлчов бирлиги

«Навоийазот» АЖ 267-қудуқ

Азамат пости

«Навоий ИЭС»
(маслоловушка)

PH кўрсаткичи

 

7,85

8,35

8,5

Сув қаттиқлиги

мгекв/дм3

17,6

15,2

13,6

Хлоридлар

мг/л

230

140

48

Аммоний

мг/л

4,1

2,7

0

Циан тузлари

мг/л

0

0

0

Ишқорийлиги

мгекв/дм3

3,2

3,8

3,5

Нитратлар

мг/л

27,4

16,2

2,3

Гидразин

мг/л

ишлатилмайди

0,007

0,03

 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, корхонанинг экологик таҳлил (санитария) лабораторияси таҳлиллари натижаларига кўра, «Навоийазот» АЖдан бошқа корхоналар оқова сувлари таркибида 0,03 мг/л ва дарёдан олинган нобуд бўлган балиқлардан олинган суюқликда 0,1 мг/л гидразин моддаси борлиги аниқланди. Гидразин моддасининг балиқлар яшайдиган сув ҳавзасига ташланаётган оқова сувлар таркибида бўлиши тақиқланади.

«Навоийазот» АЖга қарашли 267-қудуғига ташланадиган оқова сувлар тушадиган технологик қурилмаларда гидразин моддаси ишлатилмайди ва таҳлиллар натижасида ҳам бу модда мавжуд эмаслигини кўриш мумкин.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш лозим. Балиқ етиштириш хўжаликларида озуқа учун аммоний моддаларидан фойдаланиладиган балиқ етиштиришнинг интенсив технологиялари ҳам мавжуд. Бунга мисол қилиб, балиқ етиштиришда аммофос ўғити ишлатилиши ва унинг таркибида 46% фосфор ҳамда 12% аммоний бирикмалари мавжудлигини келтиришимиз мумкин.

Зарафшон дарёсига тўғридан-тўғри оқова сувларнинг ташланиши ва келгусида ҳам кузатилиши мумкин бўлган бу каби асоссиз айбловларнинг олдини олиш мақсадида «Навоийазот» АЖда барча оқова сувларни Биологик кимёвий тозалаш иншоотига йўналтириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, «Навоийазот» АЖ ҳамда Навоий ИЭС ходимлари билан биргаликда барча оқова сувлар ташланадиган жойлардан таҳлил учун намуналар олиниб, содир бўлган ҳодиса юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда. Натижалари бўйича аниқ маълумотлар тезкорлик билан жамоатчиликка тақдим этиб борилади.

Шу ўринда, айрим ОАВ вакиллари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаолларидан тахминларга асосланган, ноаниқ маълумотларни тарқатмаслик ва асоссиз айбловлардан йироқ бўлишларини сўраймиз. Мавзу юзасидан аниқ, батафсил ва тезкор маълумотларни олиш учун «Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати билан боғланишингиз мумкин.  (+998 78 140 74 26)

«Ўзкимёсаноат» АЖ экология ва атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратади ва устувор вазифа деб билади. Бу борада тизим корхоналарида мунтазам мониторинг ўрнатиш, кимё саноатида экологик талабларга тўлиқ жавоб берадиган замонавий технологиялар ва «яшил энергетикани» кенг жорий қилиш бўйича тизимли ишлар давом эттирилади.

 

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати