Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз

// 10.09.2019 Босма кўриниш Юклаб олиш: pdf (117.93 KB)

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш Давлат қўмитаси веб-сайтида “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибига кирувчи корхоналарда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат экологик назорати амалга оширилди” сарлавҳали ахборот чоп этилди. Ушбу ахборот республиканинг бошқа сайтлари ҳамда ижтимоий тармоқларида ҳам ёритилди. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади:

“Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари асосида “Махам-Chirchiq” ва “Ammofos-Maksam” акциядорлик жамиятлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш Давлат қўмитаси веб-сайтида ёритилган ахборотда кўтарилган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Корхоналар ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Экологик назорат тўғрисида”, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф мухитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Давлат экологик экспертиза хулосаси асосида иш юритади.

Табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига мувофиқ корхона томонидан ташланмалар чегаравий меъёрий (ПДВ), оқова сувлар чегаравий меъёрий (ПДС) нормативлари лойиҳалари, ишлаб чиқариш чиқиндиларининг ҳосил бўлиши ва уларни жойлаш лимитларининг экологик нормативлар лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Корхоналарда ҳар йили атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва ўз вақтида бажарилади.

Жумладан, “Махам-Chirchiq” АЖ томонидан 2018 йилда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари бажарилишига – 307,2 млн. сўм ва 76 минг АҚШ доллари сарфланди.

Атроф-муҳитга таъсирнинг ўрнатилган нормативларига риоя қилинишнинг идоравий назоратини амалга ошириш, саноат ташланмаларда, оқова ва табиий сувларда зарарли кимёвий моддалар таркиби устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, оқова сувлар, чангютгич ва газ тозалаш қурилмалари ишининг самаралигини назорат қилиш учун корхоналарда аккредитацияланган санитар лабораториялари фаолият олиб боради. Назоратни кучайтириш мақсадида корхонанинг санитар ҳимоя зонасида, Чирчиқ шаҳри ва унга ёндош ҳудудларини назорати ҳар икки соат давомида санитар лаборатория вакиллари томонидан олиб борилмоқда.

Ҳаво таркибини узлуксиз назорат қилиш учун ишлаб чиқариш цехлари ҳудудида 11 та газ таҳлил ускуналари жойлаштирилган ҳамда онлайн назорат қилувчи 3 та турғун постлари Чирчиқ шаҳар ва унга ёндашган ҳудудлар атмосфера ҳаво ва зарарли моддалар таркибини аниқлаш учун ўрнатилган. Улардан олинган ахборотлар Ўзбекистон Респубикаси Гидрометеорология ҳудудий хизматига онлайн тарзда бериб борилади.

Атроф-муҳит ва инсон саломатлигини ҳимоя қилиш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, энергетик самарадорликни яхшилаш, жараёнда энергияни ишлатиш ва истеъмол қилиш, СО2 газлари имиссияларини пасайтириш ва атроф-муҳитга бошқа зарарли газларнинг таъсирларни камайтириш учун “Maxam-Chirchiq” АЖда ISО 9001 Менежмент сифат тизими, ISO 14001 экологик менежмент тизими, OHSAS 18001 Соғлиқни сақлаш ва касбий хавфсизликни таъминлаш менежмент тизими, ISO 50001 Энергоменежмент тизими жорий этилган.

“Maxam-Chirchiq” АЖ томонидан атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддаларни ҳажмини камайтириш мақсадида жорий йил августда карбамид ва аммиакли селитра ишлаб чиқариш цехларида Дзержинск  карбамид илмий тадқиқот институти (ОАО «НИИК» г.Дзержинск, Россия), Москва давлат азот ишлаб чиқариш лойиҳалаштириш институт (ОАО «ГИАП» г. Москва, Россия)лари томонидан экологик аудит ўтказилди. 5 сентябрь куни олинган аудит натижалари бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилди, унга асосан тозалаш иншоотлари модернизация қилиниши, технологик ўзгартиришлар киритилиш ишлари амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 ноябридаги 927-сонли “2018-2019 йилларда Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорининг 4 бандига асосан “Ammofos-Maksam” АЖ ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш лойҳасини амалга ошириш таъминланди. “Ammofos-Maksam” АЖда абсорбция қилиш мосламалари замонавий, энергия тежайдиган қурулмаларга алмаштирилди ва модеренизация қилинди. Ушбу лойиҳани жорий йил сентябрь ойи охиригача амалга ошириш натижасида атмосферага аммиак ташланиши йиллига 36,6 тонна ва фторли водород 3,4 тоннага камайтирилади.

“Maxam-Chirchiq” АЖ томонидан корхона ва унга туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш мақсадида 2019 йилнинг 1-ярим йиллигида 710 дона турли хил манзарали дарахтлар ва 40 минг дона турли гул кўчатлари экилди. “Ammofos-Maksam” АЖ томонидан эса 2500 дона манзарали дарахтлар ва 20 минг дона турли гул кўчатлари экилди.

Шу ўринда ахборотда келтирилган баъзи маълумотларга ойдинлик киритиш лозим.

Жумладан, ахборотда “«MAXAM-CHIRCHIQ» АЖнинг периметри бўйлаб водород сульфид миқдори 4,5-7,4 маротаба юқорилиги аниқланди”, деб кўрсатилган, лекин, технологик ишлаб чиқариш жараёнида водород сульфиди ишлатилмайди ва атмосферага ташланмайди. Корхонага туташ ҳудудда бошқа ташкилотлар ҳам фаолият юритилишини инобатга олиш лозим. Ҳудди шундай ҳолат “Ammofos-Maxam” АЖ фаолиятини ёритишда ҳам намоён бўлган. Яъни ахборотда “Юқоридаги ўрганишлар «AMMOFOS-MAXAM» АЖда ҳам ўтказилди, ҳаво таркибида олтингугурт моддаси миқдори рухсат этилган меъёрдан – 2,6 мартага ортганлиги аниқланди” деб таъкидланган, аслида корхонадаги олтин гугурт кислотаси ишлаб чиқариш фаолияти 2017 йил 9 ноябридан тўхтатилган.

Корхоналар ўз фаолиятида бундан буён ҳам мамлакатимизнинг самарали ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиши йўлида инсонлар соғлиги учун қулай шароитларни яратиш, экологик мувозанатни сақлаш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланишда барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан жамият тизимидаги корхона-ташкилотлар ҳудуди ва уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида ҳудудни кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш Давлат қўмитаси билан ҳамкорликда сентябрь охирида амалга оширилади. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад атмосферага ташланаётган моддалар ҳажмини камайтириш, корхона-ташкилотлар жойлашган ҳудуд экологик ҳолатини янада яхшилашга кўмаклашиш ҳамда атроф-муҳитни манзарали дарахтлар билан бойитиш ҳисобланади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати