Ҳисобот даврида жорий йилнинг август ойида Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи У.Д.нинг аризасига асосан “Ўзкимёсаноат” АЖ Комплаенс хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси ДХХ, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар экспорти билан боғлиқ коррупцион ҳолатларни бартараф этиш, мазкур соҳада ноқонуний фаолият олиб бораётган уюшган жиноий гуруҳнинг фирибгарлик, таъмагирлик ҳамда товламачилик жиноятларига чек қўйиш мақсадида тезкор фаол тадбир ўтказилди.
Мазкур тадбир давомида МЧЖларнинг бирининг вакили Д.У.дан Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи М.С., Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи, М.А., Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи МЧЖ раҳбари А.Ж ҳамда Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи, “Навоийазот” АЖ бўлим бошлиғи Х.Д. ва Навоий шаҳрида яшовчи “Навоийазот” АЖ масъул ходими Х.Ж.лар алдов ва фирибгарлик йўли билан мазкур МЧЖга “Навоийазот” АЖда ишлаб чиқарилган 5000 тонна “Б” маркали селитра маҳсулотларини гўёки “Ўзкимёимпекс” МЧЖдаги юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали экспорт қилиш учун шартномани имзолатиб бериш учун, жами 450 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари беришини талаб қилиб, сўралган пул маблағларидан 200 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ушбу гуруҳ вакиллари жиноят устида қўлга олинди ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирги вақтда Тошкент шаҳри Учтепа тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан ушбу жиноят иши кўриб чиқилмоқда.
Тизим корхоналарида харидлар жараёнининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда уларни “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ ўтказилишини таъминлаш натижасида, жами 3,1 млрд.сўмлик пул маблағларининг асоссиз сарфланиши олди олиниб, иқтисод қилинди. Шунинг билан бир қаторда, харидлар жараёнида иштирокчиларнинг ўзаро тил бириктиришлари, рақобат муҳитини чеклашга уриниш ҳамда балл қўйишда баҳолаш мезонларига нохолис ёндашувларни бартараф этилиши натижасида, жами 29,1 млрд.сўмлик шартномаларнинг тузилиши рад этилиб, аниқланган манфаатлар тўқнашувига чек қўйилди.
Ўтган йили шу даврда кимё саноати корхоналарида 32 та профилактик тадбирлар ўтказилган бўлса, жорий йилнинг ҳисобот даврида 204 та семинар ва профилактик тадбирлар ўтказилган.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати