"Ўзкимёсаноат" АЖ

"Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамиятининг расмий баёноти

// 24.11.2020
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/speeches/navoiy-tomdi-yakuniy

Ижтимоий тармоқдаги каналларнинг бирида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги “Навоийазот” АЖ фаолиятига дахлдор масала юзасидан эълон қилинган мақола бўйича “Ўзкимёсаноат” АЖ қуйидагиларни маълум қилади.

Авваламбор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил
9 июлдаги “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибидаги ташкилотларнинг активларидан самарали фойдаланиш ҳамда молиявий ҳолатини соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 432-сон қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-4265-сон қарори асосида қабул қилинганлиги таъкидлаб ўтиш лозим.

Бу эса ўз навбатида, мақолада қайд этилган “Президент қарорини Вазирлар Маҳкамаси бекор қилса...” деган жумлани асоссиз ва мантиқсизлигини кўрсатади.

Ҳақиқатдан ҳам, “Навоийазот” АЖ республикада йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан бири ҳисобланади ва корхонада 70 дан ортиқ кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 сентябрдаги “Навоий вилоятининг Томди, Учқудуқ, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳрини комплекс ривожлантириш ҳамда аҳолиси бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3301-сон қарорига асосан, “Навоийазот” АЖ маблағлари ҳисобидан 500 бош туя ва 3 000 бош қўй боқишга мўлжалланган чорвачилик комплекси ташкил этилиши белгиланган.

Ушбу қарордан кўзланган мақсад, Навоий вилоятида чорвачиликни ривожлантириш, узоқ ҳудудлардаги аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш даражасини янада оширишга ўз ҳиссасини қўшишдан иборат.

Мақолада, “Мазкур комплексни тугатишнинг кимга кераги бор?” деган савол ўринсиз деб ҳисоблаймиз. Чунки, ушбу комплексни тугатиш ҳақида ҳеч қандай на ҳуқуқий, на ижтимоий ва на молиявий мантиқ бор!

Юқорида кўрсатиб ўтилган қарорга асосан, носоҳавий активларни, шу жумладан, ушбу объектни потенциал инвесторларга сотиш белгиланган.

Бунинг асосий мақсади, соҳага оид бўлмаган объектларни сотиш орқали ишлаб чиқариш ҳаражатларни камайтириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва рақобатбардошликни кучайтириш кўзда тутилган.

“Навоийазот” АЖ томонидан 2018 йилда Томди туманининг Томдибулоқ ОФЙда “Қўйчилик мажмуаси” ташкил этилиб, 360 бош туя
ва 3 080 бош қўй сотиб олинган ҳамда 33 нафар маҳаллий фуқаро иш билан таъминланган.

Мазкур комплекс 2019 йилда 240 миллион сўм фойда билан йилни якунлаган, лекин, “Навоийазот” АЖ томонидан чорвачилик комплексини ташкил этиш учун жами 17 млрд. сўм ҳаражат қилинганлиги, бундан ташқари ҳар йили
3,6 млрд. сўмлик сақлаш ҳаражатлари амалга оширилаётганлиги ҳисобга олинмаган. Объект аукцион садолари орқали сотилиши натижасида ушбу сақлаш ҳаражатлари тежалишига эришилади ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни рақобатбардошлигини таъминлашга, шунингдек, хусусий секторнинг ривожланишига замин яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 июлдаги “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибидаги ташкилотларнинг активларидан самарали фойдаланиш ҳамда молиявий ҳолатини соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 432-сон қарорининг 1-иловасига мувофиқ, “Навоийазот” АЖ балансидаги Навоий вилояти, Томди тумани, Томдибулоқ овули ҳудудида жойлашган чорвачилик комплекси “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида 17 млрд. сўм қийматда оммавий савдоларга чиқарилди.

Чорвачилик комплексини сотиш шартномасига кўра, харидорга 33 нафар иш ўрнини сақлаган ҳолда ҳамда комплексни келгусида тугатиш эмас, балки ривожлантириш, туя ва қўйларнинг сонини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш каби бир қанча талабларни амалга оширилиши кўзда тутилган ҳолда сотилади.

Шундай экан, Томди туманидаги 33 нафар оиланинг қора қозонини қайнатиб турган ушбу объект фаолияти тугатилиши ва уларнинг ишсиз қолиши тўғрисидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Мамлакатимизда хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тизимли ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги
ПФ-6096-сон Фармони бунинг яққол ифодасидир.

Фармонга мувофиқ, хусусий капитал иштироки учун кенгроқ имкониятлар яратиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва рақобат муҳитини янада яхшилаш белгиланган.

Шунингдек, иқтисодий ислоҳотлар натижасида янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилган сайи-ҳаракатлар ҳеч қандай ўғирлик эмас, балки хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан халқ турмуш тарзини яхшилаш мақсадида амалга оширилмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, асосланмаган маълумотларни тарқатиш ҳамда ушбу маълумот орқали шахс ёки ташкилотнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путир етказганлик учун жавобгарликка тортилиш белгиланган.

Ҳурматли блогер Хуршид Далиев, “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти Сиздан, кимё корхоналари фаолияти билан боғлиқ чалғитувчи ва асоссиз мақолалар чиқаришдан олдин, таклиф ва эътирозлар юзасидан “Ўзкимёсаноат” АЖга ёки қуйидаги ишонч телефон рақамига (78) 140-74-14 мурожаат қилишингиз мумкинлигини билдиради. Келажакда биз билан боғланган ҳолда ёритилаётган масалани атрофлича ўрганиб, материал тайёрлашингизга умид қиламиз.

 

 

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати