"Ўзкимёсаноат" АЖ

Расмий баёнот

// 07.04.2021
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/speeches/brz-bayonot

Ангрен шаҳрида барпо этилган “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ фаолияти юзасидан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров томонидан эълон қилинган маълумот асосида ижтимоий тармоқларда ёритилган мақолаларга “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти муносабат билдиради.

Германия, Голландия, Италия, Япония ва Хитой каби хорижий мамлакатларнинг энг замонавий ускуна ва жиҳозлари асосида хорижий кредитлар ҳисобидан 2019 йилда ишга туширилган “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ йиллик 3,0 млн. дона автомобиль шиналари, 200 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 100 минг погон метр конвейер ленталарини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, лойиҳа бўйича корхона қувватларни ўзлаштириш маҳсулот сифатини таъминлаш мақсадида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

2019 йилдан бугунги кунга қадар корхона томонидан умумий қиймати 266 млрд. сўм бўлган 704,1 минг дона автомобиль шиналари, 16,9 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 72,9 минг погон метр конвейер ленталари ишлаб чиқарилди.

Ҳақиқатдан, 2020 йилда ишлаб чиқариш қувватларини ўзлаштириш режаси 40% ўрнига 15%ни ташкил этди. Бунинг асосий сабаби коронавирус пандемияси даврида жорий этилган чекловлар оқибатида аксарияти хорижий мамлакатлардан олиб келинадиган хом ашё ва материалларнинг импорти чекланди, ишлаб чиқаришда тўхталишлар юзага келди, маҳсулот сотуви пасайди ва айланма маблағларнинг танқислигига олиб келди. Шунингдек, Хитойнинг LingLong компанияси билан General Motors корпорацияси талаблари асосида маҳсулотларни ва корхонани омологациядан ўтказиш учун техник кўмак кўрсатиш бўйича шартнома имзолаш муддатининг орқага сурилишига олиб келди.

Натижада 2020 йил ноябрь ойига келибгина Linglong компанияси ва миллий “Bars” бренди остида шина ишлаб чиқарувчи “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ ўртасида корхона ва маҳсулотларни General Motors корпорацияси талабларига мувофиқ сертификатлашда техник кўмак бериш ва омолагация бўйича ишларни амалга ошириш бўйича 4 йил муддатли шартнома имзоланди.

Ушбу шартнома автомобиль шиналари сифати ва корхонанинг тизимли фаолияти бўйича 30 қисмдан иборат АҚШнинг General Motors корпорацияси томонидан ўрнатилган BIQS талаблари асосида “UzautoMotors” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар учун шинилар етказиб беришни таъминлайди.

Ҳозирда корхона Хитойнинг LingLong компаниясининг техник кўмаги остида мазкур талабларни бажариш бўйича ишларни якунига етиш арафасида турибди ва жорий йилнинг сентябридан бошлаб Damas автомобиллари учун йил якунига қадар 60 минг дона автомобиль шиналарини етказиб берилади. 2023 йилга келиб эса “UzautoMotors” АЖга 7 турдаги 37,4 млн. доллар қийматидаги 1,2 млн. дона автомобиль шиналари етказиб бериш режалаштирилган.

2021 йилда корхона томонидан умумий қиймати 538,6 млрд. сўм бўлган 1,6 млн. дона автомобиль шиналари, 30 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналари ва 73,5 минг погон метр конвейер ленталари ишлаб чиқарилиши ва шу билан биргаликда жами 47 турдаги янги турдаги харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, ишлаб чиқариш қувватларини ўзлаштириш режаси 40%га етказилади.

2021 йилда қиймати 581 минг долларлик маҳсулотлар экспорти режалаштирилган бўлиб, ҳозирда АВТОВАЗ (Россия Федерацияси) компаниясидан 10 минг дона ва Giant Motors (Азарбайжон) компаниясидан 76 минг дона автомобиль шиналари учун буюртма келиб тушган.

Шу ўринда маҳсулотларнинг сифати тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсак.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган барча маҳсулотларнинг сифати кафолатланган бўлиб, ушбу маҳсулотлар ўрнатилган тартибда сертификатлаштирилган. Корхонада хом-ашё ва материалларнинг қабул қилинишидан бошлаб, ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида маҳсулотларнинг сифати халқаро стандартлар (ASTM, ISO ва ГОСТ) талаблари асосида қатъий назоратга олинган. Тайёр маҳсулотларнинг барчаси энг замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган халқаро ISO 17025 стандарти талаблари асосида аккредитациядан ўтган синов лабораториясида тегишли синовлардан ўтказилгандан сўнг сотувга чиқарилади.

Шунингдек, корхонада ISO 9001, IATF 16949, ECE 30, ECE 54, ECE 106, ECE 117 халқаро стандартлар талаблари тўлиқ жорий қилинган.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган автомобиль шиналари республика ҳудудига импорт қилинаётган аксарият маҳсулотлардан сифат кўрсаткичлари бўйича юқори бўла туриб, нарх жиҳатидан уларга нисбатан арзон. Мисол учун, “Bars” бренди остида ишлаб чиқарилаётган оммабоп 195/60R15 ўлчамли автомобиль шинаси нархи 31 долларни ташкил этса, ҳудди шундай ўлчамли ва сифат кўрсаткичли Кореяда ишлаб чиқарилганлари 45 доллар, Европа мамлакатларида ишлаб чиқарилганлари 35-45 доллар, Россияда ишлаб чиқарилганлари 33 доллар ва сифат кўрсаткичлари паст бўлган Хитойники 32 долларни ташкил этади.

Бугунги кунда корхона 837 нафар маҳаллий аҳолини доимий иш билан таъминлади, 35 млрд. сўм миқдорида давлат бюджетига солиқ тўлади, саноат тармоқлари эҳтиёжлари учун зарур бўлган биргина конвейер ленталар импортини 10 млн. долларга қисқартиришга эришди ҳамда экспорт ҳисобидан  288,6 минг доллар валюта тушуми таъминланди. Давлат кафиллиги асосида олинган кредит маблағлари ҳам ўз вақтида тўлаб борилмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, нафақат республикада, балки Ўрта Осиёда ҳудудида ягона бўлган ушбу корхона фаолияти ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати тўғрисида оммавий ахборот воситаларида корхонанинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи ва яратилган миллий маҳсулот брендига салбий таъсир кўрсатувчи, маҳсулотларнинг сифати билан боғлиқ тасдиқланмаган маълумотлар тарқатишдан аввал ушбу корхонага ташриф буюрган ҳолда ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар сифати ва амалга оширилаётган бошқа ишлар билан бевосита танишиш тавсия этилади.

 “Ўзкимёсаноат”  АЖ Матбуот хизмати