"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Яшил“ келажак сари: ўзбек олимларидан парчаланувчи плёнка

// 10.02.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/yashil-kelajak-sari-uzbek-olimlaridan-parchalanuvchi-plyonk

Бугунги кунда пластик чиқиндилар тупроқ ва сув ҳавзаларини йиллар давомида ифлослантириб, глобал экологик муаммога айланмоқда. 

Экологик муаммоларга ечим сифатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти Юқори молекулали ўсимлик моддалари кимёси лабораторияси олимлари томонидан маҳаллий ўсимликларнинг сувда эрувчи полисахаридлари асосида экологик тоза, тўлиқ биопарчаланадиган плёнкалар олишнинг янги оптимал рецептураси ишлаб чиқилди.

Ушбу плёнкалар ташқи кўриниши ва механик хоссалари жиҳатидан синтетик полиетилен плёнкаларга ўхшаш бўлса-да, табиат учун мутлақо хавфсиз. Улар тупроқ ва сув муҳитида осон парчаланиб, атроф-муҳитга зарар етказмайди.

Энг муҳими, бу биоплёнкалар озиқ-овқат ва фармацевтика саноатида қўллаш учун истиқболли бўлиб, пластик чиқиндилар муаммосини камайтиришда муҳим қадам бўла олади.

Мазкур ишланма пластик чиқиндилар билан боғлиқ экологик муаммоларни камайтиришда муҳим илмий-амалий ечим ҳисобланади. 

Маҳаллий ўсимлик хомашёси асосида ишлаб чиқилгани, атроф-муҳит ва инсон саломатлиги учун хавфсизлиги ушбу ишланманинг долзарблигини янада оширади. 

Бу янгилик яшил иқтисодиёт ва барқарор келажак сари ташланган муҳим қадамдир.