"Ўзкимёсаноат" АЖ

«ЎЗКИМЁСАНОАТ» АЖНИНГ АСОСИЙ БИНОСИГА 200 КВТ.С ҚУВВАТДАГИ ҚУЁШ ФОТОЭЛEКТР СТАНЦИЯСИ ЎРНАТИЛДИ

// 09.03.2022
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/yashil-elektr-energiyasi

«Ўзкимёсаноат» АЖ нинг биносига 200 кВт.с қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди ва ишга туширилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра станция йилига  296 400 кВт.с «Яшил» электр энергиясини ишлаб чиқаради.

Фотоэлектр станция шаҳар электр тармоқлари тизимига уланган бўлиб, «Ўзкимёсаноат» АЖнинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қоплайди ва ортган электр энергиясини тўғридан-тўғри шаҳар электр тармоқлари тизимига етказиб беради. Шу билан бирга, дам олиш ва байрам кунлари ишлаб чиқариладиган электр энергияси шаҳар электр тармоқлари тизимига реализация қилинади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сон қарорига мувофиқ, «Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасига берилган имтиёз ва преференциялар натижасида, қайта тикланувчи энергия манбалари (номинал қуввати 0,1МВт ва ундан юқори) қурилмаларни ўрнатганлиги учун, қурилмалар фойдаланишга топширилган кундан бошлаб 10 йил муддатга    мол-мулк солиғидан озод этилиши белгиланган. Бу эса, «Ўзкимёсаноат» АЖнинг харажатларини камайтириш имконини беради.

Таъкидлаб ўтиш лозим, ҳозиргача бу каби қуёш фотоэлектр станциялари фаолияти Россия кимё-технологиялари университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, «Махам-Чирчиқ» ва «Навоиазот» акциядорлик жамиятларида ҳам йўлга қўйилган. Кимё саноатида қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан «Яшил энергетика» дан самарали фойдаланишни жорий этиш «Ўзкимёсаноат» АЖнинг асосий режаларидан саналади.

 

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати