"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖда ISO 37001:2016 халқаро сертификати яна тасдиқланди

// 26.05.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azhda-iso-37001-2016-halqaro-sertifikati-yana-

Мамлакатимизда давлат сиёсатида шаффофлик, холислик ва масъулиятли бошқарувни таъминлаш мақсадида иқтисодиётнинг барча тармоқларида халқаро стандартларга мувофиқ тизимлар босқичма-босқич жорий этилмоқда. Бу эса коррупцияга қарши курашиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқмоқда.

«Ўзкимёсаноат» АЖда ҳам коррупцияга қарши самарали бошқарув тизими шакллантирилган бўлиб, Жамият 2025 йилда “CERT International” халқаро академияси томонидан муваффақиятли аудитдан ўтиб, коррупцияга қарши кураш соҳасидаги нуфузли халқаро стандарт — ISO 37001:2016 сертификатига эга бўлган эди.

Мазкур сертификат 3 йил муддатга берилиб, ҳар йили кузатув аудити ўтказилади. Жорий йилнинг 25–26 май кунлари “CERT International” МЧЖ аудиторлари томонидан навбатдаги кузатув аудити ташкил этилди.

Очиқ ва конструктив руҳда ўтган аудит якунларига кўра, «Ўзкимёсаноат» АЖ ISO 37001:2016 халқаро стандарти талабларига мувофиқлиги яна бир бор тасдиқланди.

Ушбу натижа Жамиятда шаффоф ва самарали бошқарув тизими изчил йўлга қўйилганини намоён этиб, инвестициявий жозибадорликни ошириш, халқаро ҳамкорлар ишончини мустаҳкамлаш ҳамда глобал бозорда рақобатбардошликни таъминлашга хизмат қилади.