"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида ёш ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш: бандлик, таълим ва касбий ривожланиш

// 12.11.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-tizimida-yosh-ishchi-hodimlarni-qullab-quv

Кимё саноатида малакали ёш кадрларни тайёрлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва касбий салоҳиятини ривожлантириш «Ўзкимёсаноат» АЖ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Жамият ва тизим корхоналарида бу борада ёшларни иш билан таъминлаш, таълим олишига кўмаклашиш, ташаббусларини рағбатлантириш ҳамда жамоатчилик фаоллигини оширишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.

2026 йилда ёшлар билан ишлаш бўйича 41 банддан иборат дастур тасдиқланди. У Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Дастур доирасида йил бошидан буён 282 та тадбир ўтказилди. Шундан 143 таси маданий-маърифий, 67 таси спорт-соғломлаштириш, 72 таси эса интеллектуал ва инновацион йўналишларга тўғри келади.

Ёш мутахассисларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ёшлар ойлиги» доирасида форум ташкил этилди. Унда ўтказилган «Энг яхши инновацион ғоя ва стартап лойиҳа» хакатон-танловида 120 нафар иштирокчи ўз лойиҳаларини тақдим этди. Шунингдек, стол тенниси ва «Заковат» интеллектуал ўйини бўйича «Ўзкимёсаноат кубоги» мусобақалари ўтказилди. Ғолиб ва фаол иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Ёшларнинг спорт ва маданий тадбирлардаги иштироки «Мустақиллик кубоги» спартакиадаси ҳамда «Мустақиллик тўйи» фестивали доирасида ҳам таъминланди. Спартакиадада мини-футбол, волейбол, гандбол, баскетбол ва стол тенниси бўйича эркаклар ҳамда аёллар ўртасида мусобақалар ташкил этилди. Тизим корхоналари жамоалари иштирокидаги беллашувлар ғолиблари кубок ва совғалар билан тақдирланди. Фестиваль доирасида эса интеллектуал ўйинлар, маданий-маърифий тадбирлар ва учрашувлар ўтказилди.

Ёшлар билан ишлашда раҳбарият ва ходимлар ўртасидаги бевосита мулоқотга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамият ва тизим корхоналарида раҳбарнинг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилган. Унинг бошқарув мақоми раҳбар ўринбосари даражасига тенглаштирилган.

2026 йилда «Ўзкимёсаноат» АЖ Бошқарув раиси иштирокида 8 маротаба «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ўтказилди. Мулоқотлар «Махам-Чирчиқ», «Навоиязот» ва «Аммофос-Махам» корхоналарида, ёш мутахассислар форуми доирасида ҳамда ишсиз ёшлар иштирокида ташкил этилди. Шунингдек, Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали, Тошкент кимё-технология институти ва Янги Ўзбекистон университети талабалари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Уларда ёшларнинг бандлиги, таълим олиши, касбий ривожланиши ва ишлаб чиқаришга оид таклифлари муҳокама қилинди.

Ишсиз ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ натижаларга эришилди. Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманидаги «Пахтачи» маҳалласида яшовчи 21 нафар ишсиз ёш «Ўзкимёсаноат» АЖга бириктирилди. Уларнинг ҳар бири билан индивидуал иш олиб борилди.

Натижада 14 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилди, 2 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 1 нафари хорижда меҳнат фаолиятини бошлаш учун йўл олди. Яна 1 нафарига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит расмийлаштиришда ёрдам берилди. Замонавий касблар ва ахборот технологияларига қизиққан 3 нафар ёшга ноутбук, мустақил даромад топиши учун 3 нафарига скутер, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш истагидаги 1 нафарига мотокултиватор топширилди.

Шу тариқа, маҳалладаги 21 нафар ёшнинг барчаси ишсизлар тоифасидан чиқарилди. Белгиланган вазифалар ижроси 100 фоизни ташкил этди.

Ёш мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш ва таълим олиши учун ҳам ресурслар йўналтирилмоқда. 2026 йилда тизим корхоналаридаги 3 040 нафар ходимнинг, жумладан, 1 100 нафар ёш мутахассиснинг малакасини ошириш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида 674 нафар мутахассис тайёрланмоқда. Уларнинг 650 нафари Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида, 6 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси магистратурасида, 18 нафари эса бошқа таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.

Халқаро таълим ва илмий ҳамкорлик доирасида Корея-Ўзбекистон илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти ҳамда Кимё технология инновация марказини ташкил этиш инвестиция лойиҳаси бўйича 10 нафар докторант ва 3 нафар магистрант тайёрланмоқда. «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали яна 2 нафар мутахассис АҚШнинг Аризона университетида кимё ва биокимё йўналишларида таълим олмоқда.

Талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш мақсадида тизим корхоналарида 709 нафар талабанинг ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилди. Уларнинг 445 нафари олий, 264 нафари профессионал таълим муассасалари талабаларидир.

Шунингдек, тизим корхоналарининг 6 нафар ходими Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ҳамда Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тўрт ойлик қайта тайёрлаш курсларида таҳсил олди.

Янги инвестиция лойиҳалари доирасида ёшлар учун қўшимча иш ўринлари яратиш ҳам белгиланган. 2026 йилда кимё саноатида амалга оширилиши режалаштирилган 10 та лойиҳа ҳисобидан жами 730 та янги иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган. Уларнинг 250–280 тасига 30 ёшгача бўлган мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилган.

Умуман, «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида ёшлар билан ишлаш фақат тадбирлар ташкил этиш билан чекланмаяпти. Ишсиз ёшларни банд қилиш, касбий таълим ва малака ошириш, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ҳамда янги иш ўринларига жалб қилиш бўйича аниқ механизмлар ишга солинган. Бу ишлар ёш кадрларнинг кимё саноатидаги иштирокини кенгайтириш ва тармоқ учун малакали мутахассислар захирасини шакллантиришга қаратилган.