"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат “ АЖ Малайзия компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиради

// 10.02.2025
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-malayziya-kompaniyalari-bilan-hamkorlikni-

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб, тобора кенгайиб бормоқда. Айни пайтда турли соҳалар, жумладан, иқтисодиёт, савдо, таълим, маданият ва туризм каби йўналишларда кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4-5 февраль кунлари ушбу мамлакатга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларнинг янги босқичига туртки берди.

Ташриф доирасида Президентимиз ва Малайзия Бош вазири иштирокида Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилган қўшма бизнес-форум эса икки мамлакат ишбилармонлари ва саноат корхоналарига янги инвестиция портфелларини шакллантириш имкониятини тақдим этди.

Ушбу форумда «Ўзкимёсаноат» АЖ раиси ўринбосари Акбар Қурбонов бошчилигидаги делегация ҳам мамлакатимиз кимё саноати салоҳияти ва инвестиция лойиҳалари тақдимотини ўтказди.

Бундан ташқари Жамият вакилларининг Малайзияга ташрифи доирасида мазкур давлатнинг йирик компания вакиллари билан ҳамкорликка оид қатор учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Жумладан, “Petronas” компаниясининг директорлар кенгаши раиси Мохд Бакке Саллех билан бўлиб ўтган музокарада биргаликда МТО технологияси асосидаги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Шу билан бирга кадрлар тайёрлаш йўналишида «Петронас» технология университети билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

"Sparco Engineering" компанияси бошқарувчи директори Сумасни Сулаймон билан кечган мулоқотда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, жумладан, кимё саноатида инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар формальдегид, титан диоксиди ва малеин кислотасини биргаликда ишлаб чиқариш имкониятларига алоҳида эътибор қаратдилар. Малайзия компанияси вакиллари ушбу лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш билдириб, уларнинг салоҳияти юқори эканини таъкидлади.

Export-Import Bank of Malaysia Berhad  (EXIM Bank Malaysia)  тижорат бўйича бош директори Фоиза Мустапа хоним билан ўтказилган музокарада Ўзбекистон кимё саноати соҳасининг ривожланиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда Малайзия компаниялари вакиллари билан биргаликда мамлакатимиз ҳудудида амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилди.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати